ЎзА Ўзбек

02.08.2018 17:19 Чоп этиш версияси

Солиқ имтиёзлари – фаровонлик омили

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан тузилган тарғибот-ташвиқот гуруҳи корхона ва ташкилотларда, аҳоли ўртасида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимиз солиқ қонунчилиги соддалаштирилиб, юридик шахсларга ҳам, жисмоний шахсларга ҳам солиқ тўловлари бўйича қатор енгилликлар яратилди.

Андижон шаҳридаги “Андижонёғмой” акциядорлик жамияти ҳамда Хўжаобод туманидаги “Барчиной” хусусий корхонасида бўлиб ўтган тадбирларда солиқ тизимидаги ўзгаришлар, афзаллик ва имтиёзлар хусусида кенг тушунча берилди.

– Солиқ бошқармаси мутахассислари билан бўлган мулоқотда янги солиқ концепциясининг афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот олдик, – дейди “Андижонёғмой” АЖ бош ҳисобчиси Азизбек Раҳмонов. – Корхонамизда 900 дан зиёд киши меҳнат қилади. Жорий йилнинг биринчи ярмида ишчи-ходимлар учун 6 миллиард 600 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланган. Шундан 614,5 миллион сўм даромад солиғи ушлаб қолинган. Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси суғурта бадалларига қарийб 529 миллион сўм ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу суғурта бадали бекор қилинади. Бунинг натижасида корхона ишчи-ходимлари оладиган даромад кейинги йилнинг худди шу пайтида 350 миллион сўмга ошади.

Янги солиқ концепциясига кўра, келгуси йилдан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 12, мол-мулк солиғи 2 фоизга туширилади ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига 3,2 фоизли ажратмалар ўтказиш бекор қилинади. Бу албатта, корхона ва ташкилотлар фаолияти ривожига катта ёрдам беради.

Шу ўринда яна фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, “Андижонёғмой” акциядорлик жамияти шу йилнинг биринчи ярмида 1 миллиард 950 миллион 500 минг сўм солиқ тўлаган. Янги концепция доирасида 2019 йилдан юридик шахслардан олинадиган фойда, мол-мулк солиғи ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига ажратмаларнинг бекор қилиниши натижасида жамият ихтиёрида йилига қарийб 3 миллиард сўм маблағ қолади.

Маҳсулотининг асосий қисмини экспорт қилаётган Хўжаобод туманидаги “Барчиной” хусусий корхонаси солиқ тўловчилари билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳам мутахассислар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш, солиқ тўловларининг янги тартиб ва қоидалари тўғрисида кенг тушунча берилди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 313 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада берилган солиқ имтиёзлари туфайли кейинги йилда ходимларнинг ойлик даромади 34 миллион сўмга ошиши, бошқа турдаги солиқлар бўйича берилган имтиёзлар ҳисобига корхонада келгуси йили 54 миллион сўм маблағ тежалиши маълум бўлди.

– Амалдаги солиқ қонунчилигида ишчи-хизматчиларнинг ойлик даромадини ҳисоблаш бир қатор мураккабликларни келтириб чиқарар эди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Шерзодбек Абдураҳмонов. – Айниқса, корхоналар ходимлар сонини яширишга ҳаракат қиларди. Чунки ҳар бир ишчи учун маълум миқдорда мажбурий тўлов белгиланган эди. Президентимиз фармони билан тасдиқланган янги солиқ концепциясига асосан энди бу каби муаммолар барҳам топади.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
8 115