ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Солиқ имтиёзлари: аҳоли ва тадбиркорларга 100 миллиард сўм қолди

Солиқ имтиёзлари: аҳоли ва тадбиркорларга 100 миллиард сўм қолди
Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони солиқ тўловчиларга каратин даври қийинчиликларини енгишда яна бир имконият бўлди. 

Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ушбу фармон асосида белгиланган енгилликлар натижасида аҳоли ва тадбиркорларга “плюс”, бюджет тушумига “минус”лар ҳудуд миқёсида ҳисоб-китоб қилиниб, Республика комиссиясига тақдим этилган Фармоннинг 1-бандига мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябргача бўлган даврда мол-мулк ва ер солиғидан озод этилиши натижасида уларга жами 8,3 миллиард сўм қолаётир. 

Бундан ташқари, мазкур фармоннинг 2-бандига мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектларига 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммаларини ҳисобдан чиқариш ҳисобига 1 миллиард сўм, ушбу солиқлар бўйича шу йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларини ҳисобдан чиқариш ҳисобига жами 3,4 миллиард сўм давлат бюджетига тушмаётир. 

Шунингдек, фармоннинг 4-бандига мувофиқ, 2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамгармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилиши ҳисобига яна 9 миллиард сўм солиқ тушуми бюджетга кирим қилинмайди. 

Фармоннинг 5-бандига мувофиқ микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилиши ҳисобига бюджетга тушиши керак бўлган маблағ яна 32,3 миллиард сўмга камаймоқда. 

Солиқ идоралари томонидан 597 та тадбиркорлик субъектларига нисбатан мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарзини ундиришни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ва пеняларни тўхтатиб туриш бўйича Республика комиссиясига мурожаат киритилди. 2020 йил 25 май ҳолатига 66 та тадбиркорлик субъектларидан 2,2 миллиард сўмлик аризалар келиб тушган бўлиб, 35 та 947,1 миллион сўмлик аризаларга вилоят ҳокимлигида ташкил этилган комиссия томонидан хулоса берилди. 

Вилоятдаги 6,5 мингта якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизигача камайтирилиши ҳисобига улар ихтиёрида 4,3 миллиард сўм маблағ қолдирилди.

Умуман, Президентимиз томонидан пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имзоланган учта фармон билан вилоят аҳолиси ва тадбиркорларига 100 миллиард сўмдан ортиқ солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилди. Бу оз маблағ эмас.

Бу енгилликлардан кўзлаган мақсад эса маълум – одамлар қийналмаслиги керак. Бироқ давлат томонидан пандемияга қарши курашга, Сардоба тошқини каби бошқа кутилмаган жуда катта маблағ сарфланаётган пайтда аҳоли ва тадбиркорларга берилаётган енгилликлар туфайли бюджет кўраётган зарарнинг кўламини ҳам тассаввур этиш қийин эмас. Шунга қарамасдан аҳолини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилаётгани, “майли, менга ёмон бўлса, сен қийналма” деган машҳур иборани эслатади. 

Аслида ҳам шундай бўлаяпти. Барча оғирлик давлатнинг зиммасига тушаётир. Бироқ бу давлат халқники, унинг бугуни ҳам, келажаги ҳам халққа тегишли. Бугунги қийин даврда бу ҳақиқатни янада чуқурроқ англаб етишимиз айниқса муҳим. 


1 655
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА