ЎзА Ўзбек

28.08.2018 19:11 Чоп этиш версияси

Солиқ имтиёзи туфайли корхонада 138 миллион сўм маблағ тежалди

Солиқ имтиёзи туфайли корхонада 138 миллион сўм маблағ тежалди
Мамлакатимиз солиқ қонунчилигида тўғридан-тўғри жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 300 мингдан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 3 йил, 3 миллиондан 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 5 йил, 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда 7 йил муддатга солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби белгиланган.

Бу қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга хизмат қилиб, хорижий инвесторларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

– Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритган корхоналар унинг ҳажмидан келиб чиқиб, фойда, мулк, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўлови, ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган, – дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бош мутахассиси Дилмурод Парпиев. – Мазкур имтиёзлар туфайли олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонани қайта инвестициялашга йўналтириш белгиланган. Бу, албатта, хорижий инвесторлар учун кафолатлар ва афзалликлар тизимини янада кенгайтириб, уларнинг юртимиз иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиши, қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Андижон шаҳрида хитойлик ишбилармонлар томонидан ташкил этилган “Marjan investment group” корхонаси ана шундай корхоналардан биридир. Ушбу корхона фаолият бошлаганига эндигина бир йил бўлди. Лекин бу ерда тайёрланаётган газламаларга ички бозорда талаб юқори. Ҳозирда 127 нафар киши меҳнат қилаётган корхонада қарийб 4,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Солиқ тўловлари бўйича юқорида қайд этилган имтиёз ва преференциялар туфайли корхона ўтган йилнинг ўзида 138 миллион сўм солиқ имтиёзига эга бўлди.

Корхона жорий йил апрель ойидан ўз маҳсулотларини Қирғизистон Республикасига экспорт қилмоқда. Шу кунларда қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатларидаги ҳамкорлар билан шартномалар тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Умуман, корхонада йил охирига қадар 400 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиниши белгиланган.

– 17 миллион 225 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, фаолиятимизни бошлаганмиз, – дейди “Marjan investment group” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона бош директори ўринбосари Бахтиёр Орипов. – Ҳозирда Хитойдан келтирилган синтетик матоларга гул босиш ва бўяш ишлари бажарилмоқда. Бу – лойиҳанинг биринчи босқичи. Солиқдан тежаб қолинган маблағлар ҳисобига ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчимиз. Яқин вақт ичида синтетик ҳамда табиий матоларни корхонамизнинг ўзида тўқиш йўлга қўйилади. Бу билан яна 100 янги иш ўрни яратилади.

Хорижий инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичида корхонада сувни тозалаш иншоотини ўрнатиш ва ишга тушириш белгиланган. Бу корхонадаги, қолаверса, корхона атрофидаги маҳаллалар аҳолисининг чиқинди сувларини тозалаб, истеъмолга яроқли ҳолга келтириш, яна 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаш имконини беради. 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 154