ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Солиқчилар қарорга қарши ишлади, Бизнес-омбудсман уни тўғрилади

Солиқчилар қарорга қарши ишлади, Бизнес-омбудсман уни тўғрилади

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитига оид қонунчилик такомиллашиб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратишга, улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни олиб ташлашга, пировардида, иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Айрим йўналишларда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан солиқ имтиёзлари берилган. Ушбу имтиёзларнинг мақсади импортни қисқартириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳсулотлар нархини барқарорлаштиришдир. Аммо баъзи вазиятларда давлат органлари қонунда белгиланган талабларга риоя этмасдан, тадбиркорлар фаолиятида сунъий тўсиқлар яратмоқда. 

“Ўзёғмойсаноат” уюшмасининг Бизнес-омбудсманга мурожаатида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан уюшмага аъзо корхоналарга қўшилган қиймат солиғидан берилган имтиёзлар қўлланилмаётгани ҳақида айтилган.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг камерал назорати натижасида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси аъзоси “CHICKEN CLASS” МЧЖга 2019 йилнинг январь-сентябрь ойлари даврига 428 миллион 486 минг 50 сўм, уюшманинг яна бир аъзоси “Canola Group” МЧЖга 862 миллион 889 минг 50 сўм миқдорида ҚҚС суммаси ҳисобланган ва тўловларни тўлаш ёки ушбу масалада муносабат билдириш талаб қилинган.

Ваҳоланки, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи жамиятларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 16 январдаги “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан солиқ имтиёзи қонунда белгиланган импорт қилинган маҳсулотга 2021 йил 1 январга қадар қўлланилишига қарамасдан, солиқчилар томонидан ҚҚС суммалари ҳисобланган.

Шунингдек, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси мурожаатини ўрганиш жараёнида ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 40 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ҳам шу каби вазиятни бошидан кечиргани аниқланди. 

Бизнес-омбудсманнинг Давлат солиқ қўмитасига киритган тақдимномаларига асосан, бу тадбиркорлик субъектларига ҳисобланган ҚҚС бекор қилинди. 

2 151
Гулнозо БОБОЕВА, ЎзА