Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 16:42 Чоп этиш версияси

Солиқчи солиқ тўловчига ҳамкор бўлиши керак

Наманганда “Солиқ органлари – солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори” мавзуcида ўтказилган ўқув-семинарда республика ва вилоят давлат солиқ хизмати шахсий таркиби вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республика Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари А.Файзибоев томонидан бугунги кунда тадбиркор ва ишбилармонларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш борасида яратилаётган кенг имкониятлар ва улардан самарали фойдаланиш механизмлари ҳақида атрофлича тушунча берилди.

– Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони соҳага оид ислоҳотлар самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим ҳужжатлардан бири бўлди, – дейди А.Файзибоев. – Фармон хўжалик субъектлари ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали иқтисодиётимизни янада модернизация қилиш ва янгилаш учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.

Семинарда давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имижини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Уйчи ва Наманган туманларида бўлиб ўтган учрашувда Давлат солиқ қўмитаси вакиллари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, эндиликда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом” асосида текширув ўтказилади. Низомга мувофиқ, бир кунлик текширувлар вилоят прокуратураси билан, бир кундан ортиқ бўлган текширувлар Бош прокуратура билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, текширув ўтказишни келишиш текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали бажарилади. Чет эл инвестициялари иштирокидаги, хорижий корхоналар, эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ўтказиладиган текширувларни келишиш фақат Бош прокуратура томонидан амалга оширилади.

Мулоқот давомида назорат қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида, тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари, жумладан, оммавий ахборот воситаларидан ёки ижтимоий тармоқ, веб-сайтлардан олинган маълумотлар асосида текширув ўтказишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли экани, текширув бошланишидан олдин тадбиркор текширув мақсади билан таништирилиши ва у текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириши шартлиги тушунтирилди.

Бугун давлат солиқ хизмати органи ходимлари қандай бўлиши керак? Улар хизмат вазифасини бажаришда нималарга эътибор қаратиши лозим? Семинарда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди ва бугунги солиқ ходими теран фикрлайдиган, соҳага инновацион ёндашувчи ҳамда доимий равишда ўз билим, малака ва кўникмасини ошириб, инсофли солиқ тўловчига ҳамкор бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Акромжон Сатторов, ЎзА