ЎзА Ўзбек

25.07.2018 13:30 Чоп этиш версияси

Солиқ борасидаги янгиликлардан хабардормисиз?

Солиқ борасидаги янгиликлардан хабардормисиз?
Ҳар гал маош олганда унинг чўғига қараб, қанча иш ҳақи ёзилганини чамалаб, шундан қанчаси солиқларга ҳисобланганини аниқлашга қизиқадиганлар учун энди барчаси осонлашди. Нега дейсизми? Чунки сиз жисмоний шахс сифатида 2019 йилнинг январидан бошлаб, бир шкалада солиқ тўлайсиз.

Энди жисмоний шахслар 12 фоиз ставка даромад солиғи тўлайди.

Бунинг аввалгисидан фарқи нимада? Бу жараённи тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Айни пайтда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи прогрессив тарзда яъни даромадингиз ошгани сари солиқ миқдори ҳам ўсиб борадиган тарзда ҳисобланади. Бундан кўпчиликнинг хабари бор, албатта.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ ставкасини қўллаш мақсадида энг кам иш ҳақи миқдори йил бошидан тегишли даврнинг ҳар бир ойи учун энг кам иш ҳақларининг суммаси ҳисобга олинади. 2018 йил 15 июлдан энг кам иш ҳақи 184 минг 300 сўм қилиб белгиланди. Даромад солиғи ставкалари эса қуйидагича: энг кам иш ҳақининг бир бароваригача 0 фоиз ставка қўлланилади. Бу кўрсаткич бирдан беш баробаргача 7,5, бешдан ўнгача 16,5 ва ўндан ошса 22,5 фоизни ташкил этади.

Оддий ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, энг кам иш ҳақининг ўн баробари 1 миллион 843 мингдан ошиши керак. Ундан бирданига 22,5 фоиз солиқ олинмайди. Балки, бу жараён бир неча босқичларда бажарилади. Энг аввал, ундан энг кам иш ҳақи – 184 минг 300 сўм олиб ташланади. Беш баробаридан иккинчи шкалада ундан қолган қисмидан учинчи ва тўртинчи шкалалар бўйича солиқ ушланади.

Вой-бу, шунча бошоғриқ нега керак? Уни соддароқ йўли йўқми десангиз, йўқ, деб бемалол жавоб бериш мумкин. Эътибор қилманг, ахир, бу ҳисоб-китобларни сизга оғири тушмайди, бунинг учун ҳар бир ташкилотнинг ҳисобчилари ишлайди, холос. Сиз фақат улар минг бир усулда, машаққат билан ҳисоблаган иш ҳақингизни оласиз.

Энг юқори солиқ ставкаси 22,5 фоиз деганимизга, йўғ-э, хомаки ҳисоблаб кўрганимизда камида 30,5 фоиз миқдорида солиқ тўлаётган бўлардик, деганлар эътиборига айтишимиз мумкинки, бу шубҳангиз ўринли. Ваҳоланки, ҳозирги пайтда фуқароларнинг ҳисобланган иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 8 фоиз суғурта бадаллари ушлаб қолинмоқда.

2019 йил январь, нима ўзгаради?

Хўп, энди янги фармон билан бу тизимда нима ўзгарди ёки эски ҳолича қолди? Бу борада сизга бир қатор яхши янгиликлар бор. Энг аввало, келгуси йилдан бошлаб, юқоридаги барча шкалалар орқали даромад солиғини ҳисоблаш тартиби бекор бўлади. Барча фуқаролар учун даромад солиғининг ягона солиқ ставкасини 12 фоиз миқдори жорий этилади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, дунё тараққиётининг ҳозирги босқичида аҳоли кенг қатламлари даромадларининг 40 фоизгачаси солиқлар орқали давлатнинг ихтиёрига ўтмоқда. Мамлакатлар ялпи ички маҳсулоти ва миллий даромадида солиқлар салмоғи ортиб, унинг даражаси ўртача 18 фоиздан 30-50фоиз гача етиб борди.

Ана шундай вақтда Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ставкаси миқдори 12 фоизга туширилди.

Энди энг кам иш ҳақи оладиганлар ютқазадиган бўлибди-ку, дея шошганлар эътиборига яна бир маълумотни келтириб ўтамиз. Агар сиз авваллари 920 минг олган бўлсангиз, бунинг учун 7,5 фоиз солиқ тўлаганман десангиз, қаттиқ янглишган бўласиз. Ахир, бунинг устига пенсия жамғармаси учун яна 8 фоиз, жами 15,5 фоиз солиқ тўлаётган эдингиз. Янги йилдан эса 12 фоиз тўлайсиз, тамом.

Яна бир гап. Айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди. Ўзбекистон Қаҳрамони, уруш қатнашчиси, ёлғиз она, 1,2 гуруҳ ногирони ва ногирон фарзанд парваришлаётган оналар шулар сирасидандир.

Йигирма мингдан тўрт минг сўм тўлайсиз

Энди солиқлар борасидаги янгиликларни юридик шахслар мисолида таҳлил қилиб кўрамиз. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, уларни солиққа тортишнинг икки тури мавжуд. Бири соддалаштирилган усулда солиқ тўловчилар бўлса, иккинчиси умумбелгиланган солиқларни тўловчилар. Мазкур тоифадаги тўловчилар ўртасида солиқ юки борасида номутаносиблик мавжуд эди. Бу нима дегани? Соддалаштирилган солиқ тизимида ягона солиқ тўлови қўлланилади ва у ўз номи билан ягона.

Бундай солиқни ким тўлайди? Микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Бунда ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши белгиланган. Энг камида 5 киши, энг кўп 200 нафаргача ишчиси бўлган кичик корхона ундан фойдаланади. Агар шундан ортиқ бўлса, у умумбелгиланган солиқларни, яъни фойда, қўшилган қиймат, мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўловчиси ҳисобланади.

Шу ўринда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, кейинги йилларда унинг ҳисобидан бюджет даромадларининг 30 фоизидан кўпроғини ташкил топмоқда. Бу солиқ бизнинг мамлакатимизда 1992 йилнинг 1 январидан жорий этилган бўлса-да хорижда ўтган асрнинг 50-йиллариданоқ маълум бўлган. Ижтимоий-иқтисодий моҳиятига кўра, ҚҚС реализация қилинган маҳсулотлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) қиймати билан ишлаб чиқариш ва муомала харажатларининг таркибига киритилган моддий харажатларнинг қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади. Бу солиқ ёрдамида барча маҳсулот айланмаси эмас, балки қийматнинг ўсган қисми солиққа тортилади. Қўшилган қиймат дейилганда, корхона ишчи-ходимларига тўланадиган меҳнат ҳақи (ажратма тариқасида ҳисобланган суммалар билан биргаликда) ва ялпи фойданинг йиғиндиси тушунилади.

Оддий тилда тушунтирадиган бўлсак, сиз сартарош бўлиб, тирноқларни бўяб, соч кесиб хизмат ҳақига 20 минг сўм олдингиз. Унинг 20 фоизини яъни 20 минг сўмдан 4 минг сўмни қўшилган қиймат солиғи сифатида тўлашингиз шарт. Бу қандай ҳисобланади. Ахир, кун кунга ўхшамайди, мижозлар кўпайса, 200 минг акси бўлса, 100 минг сўм олиш мумкин. Аслида бу ўхшатишимиз нотўғри эканини айтиб, сизларга тушунарли бўлиши учун сартарошни мисол қилиб келтирдим. Ваҳоланки, қўшимча қиймат солиғи йирик солиқ тўловчилардан ундирилади. Улар кимлар? Ўзбекнефтгаз МХК, Ўзбекистон ҳаво йўллари, Ўзбекистон темир йўллари “Ўздонмаҳсулот”, “Пахтасаноат” каби катта имконият ва қудратга эга бундай солиқ тўловчилар юртимиздаги юридик шахсларнинг бор-йўғи 2 фоизини ташкил этади. Келгусида эса ана шундай корхоналар сонини кўпайтириш вазифаси турибди. Шу боис ҳам солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқ тўловчилар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш жараёни бошланди. Бу қандай амалга оширилади?

Йиллик тушуми 1 миллиард сўмдан ошган

Энди йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади. Бунда йиллик тушумнинг 1миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади. Айни вақтдаги ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда 15 мингтадан кўпроқ ана шундай имкониятга эга корхоналар мавжуд экан.

Солиқ юкининг бундай белгиланиши йирик корхоналарни кичик-кичик корхоналарга бўлинишига, даромадини яширишга олиб келмайдими, деган савол кўнглингиздан ўтган бўлса, бу ҳам тўғри. Бироқ, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Солиқ кодексидаги солиқ назорати ишга тушади. Унда солиқ идоралари солиқ тўловчиларни ўз фаолиятига доир ҳисоботларни аниқлигини таъминлаш учун ана шу ҳисоботга ташқи манбалардан олинган маълумотларни солиштирган ҳолда камерал назоратни амалга оширади.

Агарда юридик шахснинг товар айланмаси бир миллиардга етмаса, у нима қилади? Солиқлардан озод бўладими? Йўқ албатта, бундай корхоналар оборотдан (товар айланма) тўрт фоизлик солиқ тўлаш тизимига ўтади. Масалан, юз миллионга маҳсулот сотса, унинг тўрт фоизи, яъни 4 миллион сўмни даромад бюджетига тўлайди. Шунингдек, 2019 йилда ушбу солиққа қўшимча равишда тўлаш учун ер, сув, мол-мулк солиқлари жорий этилади. Бундан ташқари айрим тадбиркорлар учун акциз солиғи ҳам мавжуд бўлиб, вино-ароқ, заргарлик буюмлари, ёғ, тамаки, автомобиль ишлаб чиқарувчилар уни ҳам тўлайди.

Агар суриштириб келинса, бундай тартибнинг жорий этилиши кўп жиҳатдан фойдали. Масалан, солиқ миқдори даромадга қараб эмас, қатъий белгилаб қўйиладиган бўлса, даромад миқдори ошганидан кейин тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган фойданинг арзимас бир қисмига айланади. Даромад ошаверади, солиқ ҳажми эса ўзгармайди. Ахир бир йилда 2-3 миллион сўм даромад топган шахс билан 200-300 миллион сўм фойда олган одамнинг бир хил миқдорда солиқ тўлаши, адолатдан эмасда. Бундан ташқари даромади ортаётган шахсларнинг солиқ тўлови ўзгармаслигидан давлат бюджети зиён кўради.

Энди ишчилар сони яширилмайди

Яна бир гап. Кўпгина тадбиркорлар ёлланма ишчиларни яшириб, уларнинг фаолиятини ҳужжатлаштирмай келганига гувоҳ бўлганмиз. Нега бекитарди? Чунки, тадбиркор ҳар бир иш ўрни учун 15 фоиз ягона ижтимоий тўлов тўлаш керак эди. Мисол учун, ишчининг қулига бир миллион сўм маош бериш учун корхона иш ҳақи учун 1 миллион 552 минг сўм ҳисоблаши ва унинг 552 минг сўмини солиқларга тўлаши керак эди. Шунинг учун ҳеч қандай ҳужжатсиз ишлатиб, конвертда пул бериш тадбиркорлар учун фойдалироқ эди.

Энди нима ўзгаради? Келгуси йилдан эътиборан ишчиларнинг ўртача йиллик сони эмас, корхонанинг товар айланмасига қараб солиқ белгиланади. Шунингдек, аввал кичик тадбиркорлик субъектлари 15 фоиз, умумбелгиланганлар 25 фоиз солиқ тўлаган бўлса, янги йилдан бошлаб, ҳамма бир меъёрда 12 фоиз солиқ тўлайди. Унга кўра, корхона ишчига бир миллион сўм бериш учун 240 минг сўм солиқ тўлайди. 552 минг ва 240 минг. Бу қарийб икки ярим баробар фарқ.

Фоизлардаги фарқнинг нақадар йириклиги аниқ ҳисоб-китобда янада яққолроқ намоён бўлади. Агар йирик заводда 100та ишчи ишлаб, бир ярим миллион сўм маош олаётган бўлса, ушбу сумманинг 25 фоизи ўттиз етти миллион беш юз минг сўм бўлади. Агар у 12 фоиз бўлса-чи? 18 миллион бўлади. Бу йирик солиқ тўловчига ҳам, кичик тадбиркорга ҳам енгиллик демакдир. Бу эса келгусида ўз иш ўрнига эга бўлганлар сони ортишига хизмат қилади. Бундай енгиллик тадбиркорга ҳам, аҳолига ҳам қолаверса юртимизга ҳам ҳар жиҳатдан фойда келтириши шубҳасиз.

Энди тадбиркор нимага эътибор қаратиши керак. У ҳам бўлса, ўз бизнесини бошлашдан олдин бизнес -режа тузаётганда у қайси турдаги солиқ тўловчи бўлишини билиб олиши керак: йиллик тушуми 1 миллиард сўмдан ошадими ёки йўқ.

Мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар бекор қилинди

Юртимиз солиқ тизимида мавжуд бўлган битта солиқ тури бор эдики, у халқаро экспертларнинг, олимлар ва иқтисодий таҳлилчиларнинг эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Бу мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар бўлиб, унинг фоизи 3,2ни ташкил этарди. Булар – йўл жамғармаси, пенсия жамғармаси, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлашни молиялаштириш учун олиб қолинарди. Албатта, солиқнинг бу тури фақат йирик солиқ тўловчиларнинг товар айланмасидан олиб қолинарди. Бу эса уларга оғир солиқ юк ҳисобланарди.

Мухтасар айтганда, халқимиз қонун устуворлигини ва унинг олдидаги мажбуриятини ҳис қиладиган халқ. Албатта, дунёда солиқларни тўлашни истамайдиган, бор билганингни қил, нима қилсанг қил, мен тўламайман, дейдиган миллатлар ҳам йўқ эмас. Минг бор шукрки, бизда ундай одатлар йўқ. Унутмайлик, ҳар бирмиз тўлаётган солиқ улуши билан давлатимизни бойитишга ўз ҳиссамизни қўшаётирмиз.

Сайёра Шоева, ЎзА
12 428