Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 18:58 Чоп этиш версияси

Сохта валюта олиб ўтишга уринган аёл фош қилинди

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан кўп миқдорда сохта валюта олиб ўтилишига доир божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 240-моддасига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан божхона чегарасидан ўтаётганда нақд миллий ва чет эл валюталарининг олиб ўтилиши устидан назорат бевосита божхона органлари томонидан амалга оширилади. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида мамлакатимиз божхоначилари томонидан тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаро Э.А.нинг йўл сумкаси божхоначилар томонидан белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, сумкадаги оёқ кийимлари орасига 20 минг АҚШ доллари яшириб жойлаштирилганлиги аниқланди.

Мазкур валюта йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган. Божхона назорати давомида ушбу валюталар синчиклаб кўздан кечирилган. Назорат пайтида эса ушбу купюраларнинг барчаси қалбаки бўлиб чиқди.

Суриштирувда Э.А. ушбу пулларни Истанбулдаги нотаниш шахсларнинг илтимосига биноан олиб келаётганлигини таъкидлади. Унинг бу ишонувчанлиги энди қимматга тушади. Зеро, амалдаги тартибларни билмаслик кишини жавобгарликдан озод қилмайди.

Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 377






Все о погоде - Pogoda.uz