Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 15:59 Чоп этиш версияси

Сохта рекламага чув тушганлар

Сохта рекламага чув тушганлар

Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати

Сифатли маҳсулот ва хизматлар аслида рекламага муҳтож эмас. Уларни истеъмолчиларнинг ўзи топади. Бироқ, истаймизми-йўқми, рекламалар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ишончлими?

Қонунчиликда рекламага нисбатан қонунийлик, аниқлик, ишончлилик талаблари қўйилган.

Бироқ реклама берувчилар орасида қонунни четлаб ўтиб, фақат ўз фойдасини кўзлаётганлар ёки одамларни чув туширишни мақсад қилаётганлар ҳам учраб туради.

Қурилиш ишларини бажариш бўйича хизмат кўрсатувчи хусусий корхонага асос солган бухоролик тадбиркор иши юришгунча анча тер тўкиши зарурлигини англагач, “сохта реклама” ғояси ҳақида ўйлаб кўрди.

Гарчи реклама беришга ҳам пули бўлмаса-да, маҳаллий телеканал ходимини бир амаллаб насияга кўндирди.

“Архитектор-ҳамкор” хусусий корхонаси бепул техника хизмати кўрсатади, қурилиш ишларини бепул бажаради. Фақат смета асосида қурилиш материаллари учун пул тўласангиз, кифоя”.

Телевидение орқали ёлғон гап айтилмайди, деган фикрда бўлган кўплаб кишиларга бу реклама, айниқса, ундаги “бепул” деган сўзлар ёқиб тушди.

“Архитектор-ҳамкор” хусусий корхонаси раҳбари А.Э. сўзнинг қудратига қойил қолди. Чунки реклама бўйича қўнғироқларнинг кети узилмас, уйимни қуриб беринг, цехимни таъмирлаб беринг, дегувчиларнинг охири кўринмасди.

Унинг биринчи мижозларидан бири ромитанлик А.А. бўлди. У Ромитан тумани "Шифокор" кўчасида жойлашган ер майдонига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси биносини қурдириш ниятида эди. Шу мақсадда шартномага мувофиқ А.Э.га смета харажатининг 50 фоизини, яъни 2000 доллар беради.

Корхона раҳбари пулни қўлга киритгач, мижознинг ишончини қозониш учун иш бошлайди. Бино учун пойдевор қуриш мақсадида бир-неча кун қазиш ишлари олиб борилади. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, архитектор бу ердан жуфтакни ростлайди.

Яна янги мижозларни қабул қилиш, улар билан шартнома тузиш, ишончини қозониш учун ишни бошлаш, пулни қўлга киритгач эса ҳаммасини ташлаб қочиш амалиёти давом эттирилади.

Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи М. исмли аёл А.Э.га ишониб янги уй қураман, деб эскисидан ҳам айрилди.

Аёлнинг қарийб 40 миллион сўм пулини қўлга киритган бу “уддабурон” унинг эски ҳовлисини бузиб берди, холос.

“Саммир-Текс” масъулияти чекланган жамияти сохта рекламага ишониб, 182 миллион 540 минг сўмини “Архитектор-ҳамкор”га ўтказиб берди.

"Кўза кунда эмас, кунида синади", деганларидек, А.Э.нинг кирдикорлари вақти келиб фош бўла бошлади. Жабрланганлар бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилгач, алдов "тегирмони" тўхтади. Катта фирибгарлик ўйинининг қаҳрамонига айланган А.Э. қамоққа олинди.

– Мазкур фирибгарликка оид жиноят ишини кўриш жараёнида нафақат унга катта миқдорда пул берган ўнга яқин шахс, балки қурилиш ишларига жалб этилган, лекин ҳақини ололмаган ишчилар, шунингдек, реклама ҳақини ундиролмаган телеканал ходими ҳам кўрсатма берди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси Акбаржон Жабборов. – Суд муҳокамаси жараёнида судланувчи айрим жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлаб берди, албатта. Аммо умумий зарар жуда кўп миқдорни ташкил этиши боис судланувчи уларнинг барчасини бартараф эта олмади. Ўзгалар мулкини алдов, фирибгарлик билан қўлга киритган ва ўз шахсий манфаати учун ишлатиб юборган А.Э. айбдор, деб топилди ва унга саккиз йилдан ортиқроқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, қопланмаган зарарлар ҳам босқичма-босқич ундириб олинади.

Халқимизда "бировнинг ҳақи буюрмайди" ёки "текин тешиб чиқади", каби асрлар синовидан ўтиб келаётган нақллар бор. Фирибгарлик қилиб, бировнинг ҳақига кўз олайтираётганлар наҳотки буни билмаса?!

Норгул Абдураимова, ЎзА