ЎзА Ўзбек

08.09.2018 11:19 Чоп этиш версияси

Сохта ҳарбий хизматчи қўлга тушди

Сохта ҳарбий хизматчи қўлга тушди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани "Меҳнатобод" маҳалласида яшовчи Фаррух Чўтбоев ёлғон ваъдалар билан содда одамлар ишончига кириб, ҳаёт кечиришни “касб” қилиб олмоқчи бўлди.

Бу ҳақда Термиз туманидаги Алишер Навоий номидаги маҳаллада яшовчи Аслиддин Завқиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ички ишлар идорасига қилган мурожаатида билдирган. Ф.Чўтбоев Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, А.Завқиевдан нақд 8 миллион 803 минг сўм пулни олиб, ўзлаштириб кетган.

Аниқланишича, Ф.Чўтбоев ўтган йили ҳам бу “ҳунари”ни ишга солиб, Сариосиё тумани Нуробод маҳалласида яшовчи нафақахўр Зуҳра Шоимовани чув тушириб кетган экан. У З.Шоимовага ўзини ҳарбий хизматчи сифатида таништиради ва 65 ёшдаги момога турли харажатлар учун пул керак бўлаётганини айтиб, бунинг эвазига кейинчалик фарзандларини ҳарбий қисмга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилади. Сохта ҳарбий хизматчининг бу гапларига ишонган З.Шоимова 2017 йил 10 октябрдан 18 декабргача Ф.Чўтбоевга 1 минг 500 доллар ва 1 миллион сўм пулни бериб юборади.

Айни пайтда фирибгарлик кўчасига кириб қолган бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Х.Маматрайимов, ЎзА
4 366