ЎзА Ўзбек

12.09.2018 19:56 Чоп этиш версияси

Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Токиода учрашувлар ўтказди

Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Токиода учрашувлар ўтказди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Япония парламентида икки томонлама ўзбек-япон муносабатларига доир тадбирлар бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония парламенти” парламентлараро форумининг навбатдаги мажлиси ва “Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича демократик ислоҳотлар ва янгиланишлар йўли. Ўзбекистоннинг Япония билан ҳамкорлик истиқболлари” номли ўзбек-япон симпозиуми Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси кўмагида ташкил этилди.

3f636a57-e53e-4b07-8d74-1ff8f33c7855.jpg  
Мазкур тадбирлар Кунчиқар юртда катта қизиқиш уйғотди. Унда Япониянинг расмий, ишбилармонлик ва тадқиқот доиралари, олий ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 
  
36e84876-069a-4529-aee9-05cfab204c29.jpg
 
Парламентлараро форумда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан батафсил фикр алмашилди. Алоқаларни янада кенгайтириш, Япония парламентининг дўстлик лигаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги Япония билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, 2019 йилда мамлакатимизда Парламентлараро форумнинг навбатдаги мажлисини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. 
 
photo6109369032286251124.jpg

Симпозиум иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида хабардор қилинди. 

Ҳаракатлар стратегияси ижросига киришилганига қисқа вақт ўтганига қарамай, амалий натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Бу аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ҳал этилишида, парламент ва фуқаролик жамияти институтлари роли оширилишида, тадбиркорлик фаолияти сезиларли даражада кучайтирилишида, шунингдек, Марказий Осиёда ишонч ва барқарорлик муҳити мустаҳкамланиб бораётганида намоён бўлмоқда.

photo6109369032286251140.jpg

Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги йўналишига юксак баҳо берди. Кўрилаётган чора-тадбирлар кенг кўламли, пухта ўйланган ва амалий аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Буларнинг барчаси юртимизнинг жадал ривожланаётган мамлакатлардан сафидан жой олишида муҳим омил бўлмоқда.

Япониялик экспертлар Ўзбекистон Япониянинг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий манфаатлари учун стратегик муҳим мамлакат эканини, давлатларимизнинг стратегик шериклигини янада изчил чуқурлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.

ЎзА
3 798