Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 20:23 Чоп этиш версияси

Соғломлаштириш мавсуми сарҳисоби

Пойтахтимизда Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан жорий йилги соғломлаштириш мавсуми якуни бўйича анжуман ташкил этилди.

Жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимлик, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат, маданият ва спорт тизимлари мутасаддилари, ўқитувчилар, мураббийлар, оромгоҳлар раҳбарлари иштирок этган анжуманда мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ёз мавсуми давомида, меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернати тарбияланувчилари, кам таъминланган, ёлғиз ва кўп болали оилалар ҳамда диний оқимга мансуб оилалар фарзандларига оромгоҳларга бепул йўлланмалар ажратилди. Шу билан бирга рағбатлантириш асосида, имтиёзли тарзда иқтидорли болалар ҳам оромгоҳларга жалб этилди.

Анжуманда ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлари сарҳисоб қилинди. Унга кўра, жорий йилда Тошкент шаҳри бўйича 27 стационар оромгоҳларда 30 мингдан зиёд болалар соғломлаштирилган. Мактаблар қошида ташкил этилган 66 кундузги оромгоҳда эса 24 мингдан зиёд болалар дам олган.

Мавсумда энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, ходимлар, хўжалик органлари, ҳокимликлар, ҳамкор идора ва ташкилотлар “Энг намунали стационар болалар оромгоҳи”, “Энг намунали кундузги болалар оромгоҳи”, “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг масъулиятли ташкилотчи” каби 13 номинация бўйича рағбатлантирилди.

– Бу йил Бўстонлиқ туманидаги “Зангори олов” соғломлаштириш марказида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 1492 нафар боланинг мириқиб дам олишини таъминлашга эришдик, – дейди “Энг масъулиятли ташкилотчи” номинацияси ғолиби, “Тошшаҳаргазтаъминот” корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Муяссар Алимхўжаева. – Мавсум давомида маданий-маърифий, спорт тадбирлари, таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган викториналар, интеллектуал ўйинлар, танловлар ўтказилди, табиат қўйнига саёҳатлар уюштирилди.

Анжуманда ғолибларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.

Даврон Суннатов, ЎзА