ЎзА Ўзбек

20.08.2018 16:05 Чоп этиш версияси

Соғлом ҳайдовчи техник соз автобусда қандай қилиб йўл-транспорт ҳодисасини содир этди?

Соғлом ҳайдовчи техник соз автобусда қандай қилиб йўл-транспорт ҳодисасини содир этди?
Жорий йилнинг 26 июлида Миробод тумани Бобур кўчаси 1-сонли “Бахт уйи” (собиқ 1-ФҲДЁ) қаршисида тахминан 14:30 ларда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ижтимоий тармоқ ва интернет нашрларида кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган эди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маъмуриятининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматига маълум қилишича, воқеа юзасидан махсус ишчи комиссияси тузилган бўлиб, воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.

Маълумотларга кўра, ЙТҲ “3-автобус саройи” МЧЖда тасарруф этиладиган “Белтепа мавзеси АШБ ва маҳаллий ҳаво йўллари 3-терминал” бўйлаб ҳаракатланадиган 11-йўналиш ҳайдовчиси Анвар Исломов бошқарувидаги давлат рақами 01 041 JFA “MAN” русумли автобусда содир этилган. Натижада 9 нафар йўловчи енгил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. 

Дастлабки суриштирувда 1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган ҳайдовчи А.Исломов шу куни соат чамаси 05:00ларда йўналишда ишга чиққан. Ҳодиса содир этилган вақтда 9-қатновни амалга ошираётган бўлган. Ҳайдовчи соғлом, автобус техник соз бўлган. “3-автобус саройи” МЧЖда 2 йилдан буён ҳайдовчи сифатида ишлаб келган. Ҳодисага А.Исломовнинг (иш куннинг иккинчи ярмида 14:30) бирмунча толиққанлиги ва иш тажрибаси камлиги ҳамда бошқарувни йўқотган маҳалда шошиб қолгани сабаб бўлган. 

Ушбу ҳодиса барча автобус ҳайдовчилари ўртасида муҳокама этилди ва улар қўшимча йўриқномадан ўтказилмоқда.

Шунингдек, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси вақтида жабрланганларга Жамият ва унинг таркибидаги “3-автобус саройи” МЧЖ моддий-маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бунинг учун автосаройдан масъуллар бириктирилган. 

Айни пайтда ЙТҲ туфайли жароҳатланган 9 нафар йўловчининг 6 нафари соғлиги яхшиланиб уйга қайтиш учун рухсат берилган, қолган 3 нафари шифохонада саломатлигини тикламоқда.

Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси учун “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўрайди.

ЎзА
4 898