ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Соғлигингиз ўз қўлингизда

Соғлигингиз ўз қўлингизда
Уйда қолинг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёнинг 180 дан ортиқ давлатларида коронавирус инфекциясининг янги типи бўйича мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 29 январидаги «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида »ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятида ҳам тегишли эпидемиологик чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Бу борада вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев раҳбарлигида махсус штаб ташкил этилиб (СОVID-19) коронавирус инфекциясини Сирдарёга кириб келишини ва тарқалишини олдини олиш мақсадида профилактик чоралар кўрилмоқда. Белгиланган тартиб асосида карантин чора-тадбирлари ҳам қайтадан кучайтирилди.

Аммо баъзи фуқароларимизнинг бепарволиги, белгиланган карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслиги, сабабли ва сабабсиз у шаҳардан бу шаҳарга, у ҳудуддан бу ҳудудга ўтишлари натижасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият янада мураккаблашиб, касалликка чалинганлар сони кўпаймоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, карантин жорий этилгандан буён 21 минг нафардан ортиқ фуқаро, шундан 1 минг 300 нафари шифохоналарда, 2 минг 135 нафари махсус муассасаларда, 3 минг 388 нафари уй кузатувида бўлган.

Кузатувга олинганларнинг 18 минг 860 нафари, яъни шифохона кузатувида бўлган 1 минг 158 нафар фуқаро, махсус муассасаларда кузатувда бўлган 1 минг 965 нафар фуқаро, уй кузатувида бўлган фуқаролар кузатувдан чиқарилди.

Айни вақтда тиббий кузатувда қолган фуқаролар сони 2 минг 156 нафарни ташкил этиб, улардан 142 нафари шифохоналарда,170 нафари махсус муассасаларда ва 381 нафар фуқаро уйда бўлиб турибди.

– Карантин қоидалари юмшатилди, аммо у бекор қилингани йўқ, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ғуломхон Примов. – Лекин шунга қарамай фуқароларнинг шаҳарлар, туманлар, вилоятлар ва ҳатто, давлатлараро ўтиш ҳолатлари борган сари кўпаймоқда. Шу сабабдан ҳам Сирдарё вилояти ҳудудида 151 нафар фуқарода “COVID-19” касаллиги белгилари аниқланди. Ушбу касалликка чалинганларни ҳудудлар кесими бўйича айтганда – 9 нафари Тожикистон Республикасининг, 3 нафари Россия, 2 нафари Қирғизистон Республикасининг фуқаролари эканлиги аниқланди. Республикамиз вилоятларидан келиб ушбу касаллик аниқланганлар сони энг кўпи Фарғона вилоятидан бўлиб, улар 26 нафар ташкил этмоқда.

Шунингдек, Тошкент вилоятидан 14 нафар, Самарқанддан 13, Намангандан 10, Жиззахдан 6, Бухородан 3, Сурхондарёдан 2 ва Қашқадарё вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 1 нафардан фуқароларда “COVID-19” инфекцияси мавжуд эканлиги аниқланган.

Сирдарё вилояти аҳолиси орасида ҳам ушбу инфекцияни юқтириб олганлар сони 60 нафарни ташкил этаётгани ачинарли ҳол. Улардан 35 нафари эркаклар бўлса, 25 нафарини аёллар ташкил этмоқда. Ушбу касалланганлар туман ва шаҳарлар кесимида кўриб чиққанда, энг кўп “COVID-19” инфекцияси Тожикистон билан чегарадош Ховос туманида қайд этилган. Шунингдек, Гулистон шаҳридан 13 нафар, Янгиер шаҳри ва Боёвут туманидан 7 нафардан, Сайхунобод туманидан 5 нафар, Сирдарё туманида 2 нафар ҳамда 1 нафар бемор Оқолтин туманида қайд этилган.

Ушбу касалланган фуқароларнинг 96 нафари ёки 63,5 фоизи хорижий давлатлардан келган, юк ташувчи ҳайдовчилар бўлса, 55 нафари ёки 36,5 фоизи юртдошларимиздир.

Сирдарё вилояти шифокорлари аҳолини карантин қоидаларига қатъий амал қилишни, бесабаб кўчага чиқмасликни, ўзи ва яқинларининг соғлиғини асрашга чақиради.

2 957
А.ҚАЮМОВ, ЎзА