ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ўзбекистонда 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ўзбекистонда 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилади

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилиш” мавзусида сиёсий мулоқот бўлиб ўтди.

Молиявий ислоҳотлар ва мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш учун масъул бўлган мутасаддилар, ЖССТ Европа минтақавий бюроси, Россия, Буюк Британия, Швеция, Испания, Латвия, Жанубий Корея каби етакчи мамлакатлар мутахассис экспертлари ва Жаҳон банки вакиллари таклиф қилинган мулоқотда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг иқтисодий масалалар бўйича етакчи эксперти М. Якаб, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Л.Куппенс, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ҳам қатнашди.

Юртимизда тиббиётга алоҳида эътибор қаратиляпти. Тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ўзгариш ва янгиликларни жадал татбиқ этиш чоралари кўриляпти. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқлангани тиббиёт ривожида янги даврни бошлаб берди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида миллий қонунчилик, замонавий бошқарув ва молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳудудларда “кластер” моделини шакллантириш, тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизми ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш, фармацевика тармоғи, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тиббиёт фанини ривожлантириш ҳамда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ҳуқуқий ҳужжат келгусида соҳа тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Соҳани янада такомиллаштиришда тиббий хизматлардан аҳолининг тенг равишда фойдаланишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоялаш, шунингдек, ресурсларни оқилона тақсимлаш муҳим ўрин тутади.

Соғлиқни сақлаш, Молия, Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари билан биргаликда тиббиётни молиялаштириш ислоҳотларини амалга ошириш борасида “Йўл харитаси”ни ўз ичига олган стратегия ишлаб чиқилди. Унда энг яхши халқаро тажрибаларга мос келадиган еттита устувор йўналиш белгиланди. Бу жараёнда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари томонидан ташкил этилган вебинарлар давомида амалий ёрдам кўрсатилиб, ҳужжатлар қайтадан кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлашни молиялаштириш натижасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзига кўмаклашиш, тиббий ёрдам сифатини яхшилашда инфратузилма ва клиник амалиёт самарадорлигини ошириш, ресурсларни тақсимлашдаги тенгсизликни бартараф этишга эришилади.

Концепциядан келиб чиққан ҳолда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажми белгиланиб, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизими ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини татбиқ қилиш ишлари бошлаб юборилган.

Юртимизда мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш мақсадида жорий йилдан тизимнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатимизда ушбу тизимни 2021 йилдан жорий этиш бошланади ва биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Ушбу мулоқотда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилишнинг асосий кўринишларидан бири мажбурий тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш экани таъкидланди. Муҳим жиҳати, соғлиқни сақлаш хизматлари учун барча ресурсларни тақсимлашда тенглик ва самарадорликка эътибор қаратилади. Бунда жамғарма ва хусусий соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида шартнома тузилиб, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар пакетига киритилган хизматлар мажбурий тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Давлат томонидан кафолатланган хизматларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва касалликларни профилактика қилиш, ани
қлаш ва ташхис қўйиш, реаблитация, даволаш, стоматологик ёрдам, зарур тиббий ускуна ҳамда дори во
ситалар билан таъминлаш кабилар киритилади.

Бугунги кунда барча ривожланган давлатларда мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилган. Бу орқали бюджет харажатларини камайтириш, тиббий хизмат сифатини оширишга эришилган. Бу каби хатти-ҳаракатлар давлат муассасалари билан рақобат қилувчи хусусий сектор ва алоҳида хизмат турларини таклиф қилишда иштирок этувчи давлат-хусусий шерикчилик вакилларининг фаолиятини янада ривожлантиради. Шунингдек, аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олишдаги бўшлиқни тўлдиради.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдуваҳитов, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов иштирок этди.

photo5334733562617900203.jpg

photo5336889271128272113.jpg


2 863
Барно Мелиқулова, ЎзА