ЎзА Ўзбек

07.02.2020 Чоп этиш версияси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Хитойдан олиб келинган фуқаролар учун тайёрланган муассасаларда барча шароитлар яратилган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Хитойдан олиб келинган фуқаролар учун тайёрланган муассасаларда барча шароитлар яратилган

Аввал хабар қилганимиздек, Хитойдан учта чартер рейс орқали юртимизга олиб келинган фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра,14 кун давоми (касалликнинг яширин даври)да тиббий кузатувга олиш мақсадида махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди.

Ушбу муассасаларга жойлашган фуқаролар бу ердаги яратилган шарт-шароитлардан мамнун. Мисол учун “Бўстон” санаторийсига жорий йил 4 февраль куни Хитойнинг Пекин шаҳридан олиб келинган 250 нафар фуқаро жойлаштирилди. Мазкур тадбирларга тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган соҳанинг етакчи ва тажрибали мутахассислари жалб этилди.

Маълумки, “Бўстон” санаторийси мамлакатимиздаги дам олувчилар учун барча қулайликка эга ва етарли шарт-шароитлар билан таъминланган сиҳатгоҳлардан бири ҳисобланади.

– Хитойдаги нуфузли университетда ўқийман. Коронавирус эпидемияси туфайли, очиғи, бошида жудам хавотирландим. Шундай қийин пайтда Президентимиз ташаббуси билан чартер рейси ташкил этилганлигини эшитиб, рости, кўзимдан ёш чиқиб кетди, – дейди навоийлик Меҳриддин Зоиров. – Биз жойлашган муассасада барча зарурий шароитлар яратилган, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, зарур дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминланган. Келган фуқароларнинг кийимларини сифатли ювиш учун кирхона, тиббий анжомларни стерилизациядан ўтказиш учун алоҳида пункт ва автотранспортлар учун дезинфекция майдони ва дезинфекцион воситалар захираси яратилган.

Дарҳақиқат, тиббий кузатувдаги фуқароларимизнинг термометриядан ўтказиш, ниқобларни ўз вақтида алмаштириш ва хоналарни шамоллатиш ҳамда намли тозалаш ишларини ўтказилиши малакали эпидемиологлар томонидан назоратга олинган. Юқумли касалликлар шифокорлари томонидан икки маҳал тиббий кўрик ўтказилмоқда.

– Эпидемик вазият беқарор ҳудуддан юртимизга олиб келишгани учун Президентимизга, барча ташкилотчиларга чуқур миннатдорчилик билдираман, –дейди пойтахтлик Фарруҳ Исматуллаев. – Айни пайтда соғлигимизда ҳеч қандай муаммо йўқ, ахир санаторийда дам оляпмиз. Бу ерда бўш вақтимизни самарали ўтказиш учун кутубхона ташкил этилди. Спорт билан шуғулланишлари учун ҳам барча шароит яратилди. Шунингдек, дезинфектор мутахассислар томонидан кунига икки маҳал ётоқхоналар, ваннахоналар ва ошхона зарарсизлантирилмоқда. Ошхонада ишлатилган идиш-товоқларни зарарсизлантириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни пайтда коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келишининг олдини олиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар вақтинча тўхтатилган. Коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келаётган йўловчилар 12 та аэропорт, 5 та темир йўл ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги 53 та Санитария карантин пунктларида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, йўловчиларнинг вақтинча турар жой марказлари юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг бош офисига +998 (71) 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институти маъмурияти биносида (эски ТошМИ) call – марказ ташкил этилиб, унда Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз ўз оила аъзолари, яқинлари билан 30 га яқин видео конференция алоқалари ёрдамида тўғридан – тўғри мулоқот қилишлари мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


8 191
ЎзА