Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Соҳибқирон дипломатияси ҳақида китоб

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Шоҳиста Ўлжаеванинг “Амир Темур дипломатияси” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, ижодий фаолиятини ривожлантириш, уларда китобга қизиқиш ва мутолаа маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темурнинг давлатчилик сиёсати ҳақидаги “Амир Темур дипломатияси” китоби ёш авлод қалбида улуғ аждодларимизга ҳурмат, ватанпарварлик ва ўз кучига ишонч туйғуларини юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

“Амир Темур дипломатияси” китоби Ш.Ўлжаеванинг докторлик диссертацияси ва хорижда қилган маърузалари асосида тайёрланган бўлиб, буюк давлат арбобининг ташқи сиёсати ва дипломатиясининг маъно-мазмуни, мақсад ва вазифаларини ўрганишга бағишланган. Монографияда Соҳибқироннинг Шарқ ва Ғарб давлатлари билан олиб борган дипломатик алоқалари ва ташқи сиёсати, Амир Темур дипломатиясининг услублари ва бошқа жиҳатлари таҳлил қилиб берилган.

Илмий-оммабоп усулда ёзилган мазкур китоб буюк саркарданинг давлатчилик сиёсатини англаб етиш ва ўша даврдаги халқаро вазиятга тўғри баҳо беришда муҳим роль ўйнайди. Китобда Амир Темурнинг Осиё ва Европа давлатлари раҳбарлари билан олиб борган ўзаро ёзишмалари ҳам алоҳида таҳлил қилинган.

Гулноза Бобоева, ЎзА
6 066