ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Соҳага оид айрим нормалар Сталин даврида қабул қилинган КПССʼнинг қарори билан тартибга солинар эди – вазирлик мутасаддиси

Соҳага оид айрим нормалар Сталин даврида қабул қилинган КПССʼнинг қарори билан тартибга солинар эди – вазирлик мутасаддиси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирлик мутасаддилари иштирок этди.

– Шу кунгача меҳнат қонунчилигида илмий ходимларга меҳнат таътили бериш нормалари қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилмаган эди – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги Фан ва илмий техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов. Ҳозир кунга қадар ўзаро келишувлар доирасида бу норма, масалан, фан докторига 48 кун, фан номзодига 36 кун ва илмий ходимга 24 кунлик меҳнат таътили бериларди. Лекин бизнинг ҳужжатларимизда бу нарса белгилаб қўйилмаган эди. Бу Сталин даврида қабул қилинган 1945 йилдаги КПССʼнинг қарори билан, собиқ СССР дан бизгача ўтиб келган қоидалар билан белгилаб қўйилган эди. Ҳозирги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун билан барча илмий ходимларга бир хил тарзда 48 кунлик меҳнат таътили берилиши белгилаб қўйилмоқда. Энг асосий жиҳати – эндиликда ёш олимлар хорижий давлатларга стажировкага чиқадиган бўлса уларга бир йил муддатга таътил берилади. Амалдаги қонунчилигимиз бўйича 6 ойгача таътил бериш мумкин эди. Хорижий илмий марказлар эса мутахассисларни, асосан, бир йил муддатгача қабул қилади ва улар шу вақт давомида илмий фаолият билан шуғулланишади. Кўпчилик олимларимиз шунинг ҳисобига чет элга кетиб қолган ҳолатлари кўп эди. Чунки олим 6 ойдан кейин қайтиб келса, кўп ҳолатларда иш жойи сақланмаган бўларди. Таътил муддатининг бир йилга узайтирилиши ёшларимизга, айниқса ёш олимларимизга илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиб Ўзбекистон манфаатлари учун турли соҳаларга жорий қилишга катта имконият беради.

Бундан ташқари Ш.Отажоновнинг таъкидлашича, мазкур қонун билан Ўзбекистонда биринчи маротаба илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилмоқда. Эндиликда ваколатли давлат органи томонидан иқтисодий-ижтимоий тармоқлардаги илмий ечимини топиши лозим бўлган муаммолар аниқланади ва илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси белгиланади.

2 890
Инобат АҲАТОВА, ЎзА