ЎзА Ўзбек

15.03.2019 12:37 Чоп этиш версияси

“Снос”га тушган уй можароси: тадбиркор ҳақми ёки мулкдор?

“Снос”га тушган уй можароси: тадбиркор ҳақми ёки мулкдор?


Инсонда ўз уйи, ватанига меҳр эътибор ва масъулият бўлиши учун унга эгалик қила олиш имконияти ҳам бўлиши керак.

Фуқаролик ва конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳамда ижтимоий нормага риоя этилмаслик ва танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилганини даъво қилиб таҳририятимизга фуқаро Н. Атамуҳамедова мурожаат қилди. 

ОИЛА 3 ЙИЛДАН БЕРИ САРСОН

Оила салкам 20 йил аввал уй-жойлари бузилиш ҳудудида эканлиги ва тез орада бу жойлар бузилиши кутилаётганлиги ҳақида оғзаки гап-сўзлар эшитган. Шу сабабли ҳам ҳовли эгалари уйларини янгилаб капитал таъмирдан чиқармаганлар. 
Ўша кун ҳам келди, улар яшаб турган маҳалла бузила бошланди. Қўни-қўшнилар ер- жойлари ўрнига ўзларига маъқул бўлган ердан квартира олган ҳолда эски ҳовлиларини тарк этишди.

Паркент кўчасидаги 180-хонадон эгалари эса уй-жойларини 9 қаватли уйнинг 9-қаватидаги 2 хонали ва 8-қаватдаги 4 хонали уйларга алмаштиришни истамадилар.

Мана уч йилдирки, Паркент кўчаси 180-хонадон эгалари судма-суд юриб, ўз уйларини қонуний меъёрларга кўра компенсация қилинишини сўраб сарсон бўлмоқдалар. 

“Уйимиз бузилар экан, Ўзбекистон қонунларига кўра, биз танлаш ҳуқуқига эгамиз. Бизнинг етти сотихлик еримиз ўрнига шу қийматга тенг бўлган равишда қаердан уй олишимизни танлашимиз керак. Аммо, бизга бу ҳуқуқ берилмади. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам шу деб, кўп қаватли уйнинг юқори қаватларидан уй беришмоқда. Эътирозларимизни эса эшитишни исташмаяпти”, дейди даво билан келган фуқаро Нигора Атамуҳамедова. 

2016 йилдан бери давом этиб келаётган можарода тадбиркор “Anol construction” МЧЖ ва ” Паркент” кўчаси 180-хонадон эгалари қуйидаги масалалар бўйича келиша олмаяптилар. 
Ҳовли (7 сотих ер ва 246.04 метр квадрат уй) ўрнига 2 дона квартира (4 ва 2 хонали) берилиши ва квартираларнинг юқори қаватда жойлашгани мулк эгаларига маъқул эмас ҳамда “прописка” бўйича уй эгалари 16 нафар бўлиб улар, иккита квартирага сиғмасликларини айтмоқдалар.

Тадбиркор эса ҳовлида фақатгина икки оила яшайди деб, ортиқча уй беришни истамаяпти. Уч йил ичида масала Миробод туманлараро суди ва Тошкент шаҳар судларида кўрилган бўлса-да натижадан 180-хонадон эгалари қониққани йўқ. Оқибатда иш янада юқори инстанция Олий судга оширилди. Олий суддан эса “Қайта кўриб чиқишга асос йўқ”, деган жавобни олдилар. Ҳозирда 180-хонадон эгалари ўз конституцион ҳуқуқларини талаб қилиш учун яна қаерга мурожаат қилиш мумкинлиги бўйича бош қотирмоқда. 

ТАДБИРКОР: “УЙДА 4 ТА ОИЛА ЯШАШИГА ИШОНМАЙМАН”

photo5213004250894936602.jpg

Мазкур масала юзасидан “Anol construction” МЧЖ директори Нодир Йўлдошев 180-хонадонда фақатгина икки оила яшаши ва шунга асосан икки дона квартира ажратилганини айтмоқда.

Шунингдек, таклиф этилган уй юқори қаватдалиги ва бу мулк эгасига маъқул келмагани борасидаги саволни тадбиркор очиқ қолдирди. 
Тадбиркор Нодир Йўлдошев 2 та уй берилиши, борасидаги меъёрни уларга Яшнобод туман ҳокимлиги таклиф этганини билдирди. 

Шу билан бирга, у айнан ушбу хонадон муаммоси сабабли қурилиш ишлари тўхтаб қолганини ва бу ишни чўзишдан у манфаатдор эмаслигини айтмоқда. 
“Anol construction” МЧЖ директори Нодир Йўлдошев 180-уйда 4 та оила яшашига ишонмаслигини айтади. 
“Ҳужжатда 180-хонадонда 16 нафар одам истиқомат қилиши кўрсатилган. Мулкдорлар эса 6 нафар. Ўзбекистон уй-жой кодексига кўра, бир кишига 16 метр квадрат ҳудуд ижтимоий норма сифатида кўрсатилган. Биз фақат қонунларимиз асосида ўз ҳуқуқларимизни талаб қилмоқдамиз. Ҳовлимиз ўрнига қаср талаб қилаётганимиз йўқ. Яқинда, Тошкент шаҳар ҳокимининг интернет нашрларидаги интервьюларини ўқиб қолдим. “Мен “ Боинг” акцияларига эгалик қилсам, ҳоким бўлдим, деб улардан воз кечишим керакми?”, деганлар. Мен ҳам ҳовлимиз ўрнига кўп қаватли уй тушар экан деб, ўз кўчмас мулкимдан воз кечишим керакми?” дейди яна бир хонадон эгаси Нурметов. 

ЯШНОБОД ТУМАН ҲОКИМЛИГИ: “СУД ХУЛОСА БЕРСИН”

photo5213004250894936604.jpg

Яшнобод тумани қурилиш бўйича ҳоким ўринбосари Элмурод Ҳалилов ҳам мазкур масала юзасидан суд қарорига суянишини билдирди. Шунингдек, у ҳужжатларда кўрсатилганидек, 180-хонадонда 16 нафар киши истиқомат қилишига ишонмаслигини айтмоқда. 
Элмурод Ҳалиловнинг фикрига эса кичик эътирозимиз бор. Демак, фуқаро ўзи эгалик қилган уйида истиқомат қилмаса, уни бузиб, эвазига компенсация қилиниши шарт эмасми? Сиз ҳам ҳовлини кўп қаватли уйнинг юқори қаватидаги иккита квартирага алмашармидингиз? 

“СУДЬЯ ВА ТУМАН ҲОКИМЛАРИ ҲАМ УЙИ БУЗИЛАЁТГАН ФУҚАРО ЎРНИДА БЎЛГАНИДА...”

photo5213197000437246397.jpg

Мазкур баҳсли масалага холис фикр ва муносабат излаб, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга мурожаат этдик. 

“Қайсидир ҳудуд бузилишидан аввал унда яшаётган ҳар бир фуқаро, мулкдор Ўзбекистон қонунлари асосида рози қилиниши керак. Шундан сўнг ўша ҳудудни бузиб, қурилиш ишларини бошлаш мумкин. "Паркент" кўчасида 180-хонадон эгалари рози қилинмаган экан, ҳудудда бузиш ва қурилиш ишларини бошлаш нотўғри иш бўлган. Аввал мулкдорларни рози қилиб, розилик хатини олмасдан объектни тезроқ қуриб битириш, чиройли қилиш учун шошма-шошарлик билан бузиш керак эмас. Аслида кўчмас мулк билан боғлиқ масалаларда бундай "ура-урачи"лик қилиш тўғри бўлмайди. Мулкдор ва тадбиркор ўртасидаги можарога суд ҳукм чиқариши керак. Бор- йўғи биргина кўчмас мулк эгаси рози қилинмаган бўлса-да, Яшнобод ҳокимлиги ҳудудни бузишга рухсат бермаслиги керак эди. Чунки Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсиздир. Биз буни Конститутциямизда белгилаб қўйганмиз. 

Бузилиши кўзда тутилган 180-уй ўрнига давлат аҳамиятига эга касалхона ёки бошқа маъмурий бино қурилаётгани йўқ. Тадбиркор фойда олиш мақсадида маҳалла ўрнига кўп қаватли уй қурмоқда. Шундай экан, у аввал кўчмас мулк эгаларини рози қилиб, жойдан кўчирсин. Тадбиркор одамлардаги хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишончни сўндирмасин. Хусусий мулк эгаларини қонуний талабларини бажармасдан, рози қилмасдан жойларидан кўчирилиши инвесторларнинг ҳам бизга бўлган ишончини йўқотади. 

Менинг фикримча, ҳокимиятнинг ҳам бу ерда айби бор. Ҳокимият ҳудудда бузилиш ишларини бошлашга рухсат бермаслиги керак эди. Мен ҳокимликдаги мутасаддиларнинг ва судьяларнинг кўчмас мулкини ўзи рози бўлмаган, хоҳламаган квартирага алмашаётган фуқаролар ўрнига қўйиб кўришларини сўраган бўлардим. 

Улар ҳам ҳовли-жойини 9,8-қаватдаги квартираларга алмашган бўлармиди? Фуқароларга нега танлаш ҳуқуқи берилмаяпти? Яна бир бор айтаман, хусусий мулк бизда дахлсиз ва бунга фуқароларда ишончсизлик уйғотмайлик. Уларни рози қилиб, кейин жойидан кўчирайлик”.


Анора Содиқова, ЎзА
2 814