ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ўсмирларни ахборот хуружига қарши иммунитети борми?

Ўсмирларни ахборот хуружига қарши иммунитети борми?

Пойтахтимизда умумтаълим муассасалари қошидаги «Ораста қизлар» ҳамда фуқаролар йиғинлари қошидаги «Маҳалланинг ораста қизлари» тўгаракларида «Интернет тармоғи дўстми ёки душман?» мавзусида учрашув ўтказилди.

Унда интернет ҳақида нималарни айта оласиз?! Ахборот алмашинуви ва хуружлари деганда нималарни тушунасиз? Очиқ, ёпиқ ахборотлар қандай бўлади деб ўйлайсиз? каби саволлар негизида ўсмир қизлар ва мутахассислар жавоби тингланди.

photo_2020-06-30_19-33-43.jpg

- Бугунги кунда жаҳон миқёсида ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, эротик мазмунга эга 4 мингдан зиёд сайт мавжуд, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуда Маҳмудова. 

- Болалар орасида 49 фоиз зўравонлик ва ёвузлик руҳидаги компьютер ўйинлари, 41 фоизи жангари сайтлар вояга етмаганлар орасида ўта оммалашган. 

photo_2020-06-30_19-33-31.jpg

Бир ҳисобдан жаҳон ахборот майдони кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизни онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма деб, бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Шу боис ёшларда мустақил фикрни шакллантириш, уларни турли ёт ва бемаза ахборот хуружларига берилмаслиги учун миллий ғурурни тинмай тарбиялашимиз зарур.

Айни вақтда жорий этилган карантин қоидаларига амал қилиб ўтказилган мазкур учрашувда интернет – миллатсиз, қалбсиз, тарихсиз бепоён чексизлик экани ва одам қанча чуқур кириб борса яқин инсонларидан шунча узоқлашиб бориши борасида баҳс-мунозара бўлиб ўтди.

photo_2020-06-30_19-33-25.jpg

Ўз вақтида Ҳиндистоннинг таниқли сиёсий арбоби Махатма Ганди шундай ёзган экан :«Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Ва шу баробарида эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб, хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб, ўзимни йиқитиб ташлашини ҳам хоҳламайман». 

Бу сўзларни бугунги ахборот хуружлари ва турли хил маълумотларнинг хилма-хил йўллар билан мамлакатимизга, умуман, бошқа мамлакатларга ҳам кириб келиб, у ёки бу минтақада асрлар мобайнида шаклланган қадриятлар, урф-одатлар, эътиқод шаклларига ва тарбия услубларига салбий ёки ижобий таъсири жараёнлари маъносида қўллаш ҳам мумкин.

1 091
ЎзА