Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 19:34 Чоп этиш версияси

Ўсмирлар ҳарбийлик касбини эгаллашга тайёргарлик кўрмоқда

Ўсмирлар ҳарбийлик касбини эгаллашга тайёргарлик кўрмоқда Президентимизнинг 2017 йил 24 январдаги қарори ҳамда давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 26 январда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ўтган йиғилишда миллий армиямизни такомиллаштириш ва салоҳиятини ошириш борасида аниқ чоралар белгилаб олинди. Жумладан, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга босқичма-босқич ва тизимли тайёргарлик кўриш мақсадида коллеж ва лицейларда махсус гуруҳлар ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимиздаги 29 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида шундай махсус гуруҳлар ташкил этилди. Янги ўқув йилининг илк кунларидаёқ Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларидан иборат гуруҳ бўлажак ҳарбийлар таҳсил олаётган коллежларга ташриф буюрди.

Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи махсус гуруҳига захирадаги капитан Наримон Иброҳимов раҳбарлик қилади. Уларнинг ўқув дастурида бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича 200 соат, физика, математика фанлари учун қўшимча соатлар ажратилган, жисмоний тайёргарликка эътибор кучайтирилган, тўгарак машғулотлари ҳарбий қисмлардан бирининг сержант ва офицерлари томонидан олиб борилиши кўзда тутилган.

Хусусан, капитан Илҳом Пўлатов сержантлар кўмагида оммавий қирғин қуролидан ҳимояланиш бўйича кўргазмали машғулот ўтказди. Ёшлар умумҳарбий ҳимоя жиҳозлари ва газ ниқобидан қандай фойдаланишни ўрганишди, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Ёшлар, айниқса, Мудофаа вазирлиги Фахрийлар кенгаши аъзолари, истеъфодаги полковниклар Баҳодир Ғафуров ва Александр Харламовни саволга тутишди. Улардан бири мотоўқчилар бўлинмасида, бошқаси ҳарбий ҳаво кучларининг вертолёт бўлинмасида кечган йиллари, ҳарбийлик фаолияти ҳақидаги хотираси, тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Мазкур гуруҳ учун гимнастика шаҳарчаси, тўсиқлар чизиғи, ҳарбий машқ майдонлари қурилмоқда, синф ва маънавият-маърифат хоналарини кўргазмали қуроллар билан жиҳозлаш учун маблағ ажратилди, – дейди коллеж директори Рустам Адҳамов.

Тошкент ахборот технологиялари коллежида Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Акмал Раҳмонов ҳамда таниқли кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Маҳбубовларнинг махсус гуруҳ талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.

– Бундай гуруҳлар ташкил қилингани учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз, – дейди коллеж ўқувчиси Беҳруз Қурбонов. – Болалигимдан офицер бўлишни орзу қилардим. Жамоатчилик кенгаши аъзоларидан миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

– Бизнинг ҳарбий қисмимиз Тошкент ахборот технологиялари коллежини оталиққа олди, – дейди майор Фаррух Муҳиддинов. – Махсус гуруҳда жорий ўқув йилидан ёшларни олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тайёрлаш йўлга қўйилди ва қўмондонлигимиз ўқувчилар билан машғулот ўтказишда ёрдам беришга қарор қилди.

Аблай Камолов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
2 433






Все о погоде - Pogoda.uz