Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

04.08.2018 13:00 Чоп этиш версияси

“Smaylik”да бахтиёр болалик

“Smaylik”да бахтиёр болалик

Самарқанд шаҳар Давлатшоҳ Самарқандий номидаги маҳаллада “SMAYLIK” нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

6.JPG

Насиба Асланова ўз хонадонида ташкил қилган “SMAYLIK” жорий йил Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг олтинчиси бўлди. Шу кунгача “Эртаклар олами”, “Умка Н”, “Асалина Гўзалина”, “Advantage Smart Kids” ҳамда “Қувноқ болалар” нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилган эди.

9.JPG

– Маҳалладошларим ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқлигидан шикоят қилишарди, – дейди Насиба Асланова. — Ўзим ҳам невараларимни қўшни маҳалладаги боғчага олиб борардим. Масофанинг узоқлиги кўпинча муаммо туғдирарди. Фарзандларим билан келишиб, уйимизда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил қилишни режалаштирдик. Натижада “SMAYLIK” НМТМ ташкил топди. Болаларнинг қувончи, шодлиги ҳар бир хонадонга файз олиб киради. Маҳалламиз болаларига ана шундай бахтиёр онларни туҳфа этишдан хурсандмиз. Муассасамиз ота-оналарга ҳам манзур бўлмоқда.

16.JPG

50 ўринга мўлжалланган муассасада таълим-тарбия жараёни мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари асосида ташкил этилмоқда. Таълим рус тилида олиб бориладиган мазкур муассасада ҳозирда 20 нафар бола тарбияланмоқда. Айни пайтда муассасада инглиз тили, рақс, гимнастика тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Алишер Исроилов (сурат), ЎзА