ЎзА Ўзбек

08.11.2018 17:01 Чоп этиш версияси

Сизнинг мактабингизда қанчадан пул йиғишади? 30 минг сўм, 25 минг...

Сизнинг мактабингизда қанчадан пул йиғишади? 30 минг сўм, 25 минг...
АҚШда...

Манхеттен шаҳрида дунёдаги энг йирик кутубхоналардан бири Нью-Йорк халқ кутубхонаси жойлашган. У қисман давлат ва асосан халқ томонидан молиялаштирилади. Йирик тадбиркорлар ва АҚШ аҳолиси облигациялар орқали ушбу кутубхонага хайриялар қилади.

ХИТОЙДА...

Хитойнинг Сямень университети асосчиси олийгоҳ оғир аҳволда қолганда уни қутқариш учун ўз уйларини сотган. Шу орқали ректор университетни молиялаштириб сақлаб қолган. Кейинчалик бу университет давлат тасарруфига ўтиб кетади, лекин шунга қарамай у ўз маблағини илм даргоҳига сарфлаганидан заррача ачинмаганини айтган.

ТАРИХДА...

Бундан юз йиллар аввал ҳам биз яшаб турган заминда миллатпарвар, маърифатпарвар ота-боболаримиз ўзларининг катта ҳовлиларини янгича мактаблар учун топшириб, бойликларини илмга хайрия қилганлар. Мисол учун Абдулла Қодирийнинг отаси Самарқанд дарвоза маҳалласидаги ўз ҳовлисида янгича мактаб учун жой ва маблағ ажратгани тўғрисида Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” китобида эслаб ўтади.

ҲОЗИРДА...

Илм учун хайрия қилиш динда ҳам катта савоблиги айтилган, лекин бугун биз бу ҳикматларни ёддан чиқаргандекмиз. “Хайрия”ни фақат сандиққа солиб сеп қилиб йиғмоқдамиз, хорижларда муҳожирликда ишлаб топилган пулларни илмга йўналтириш ўрнига қўша-қўша машина-ю “love story”ларга сарфламоқдамиз. Мактабларимизда, олийгоҳларимизда эса аҳвол ачинарли...

“МАКТАБ ФОНДИ” ҚАНЧА БЎЛДИ?..

Бугун мактаб ва олийгоҳларда тартиб бошқачароқ.

Олий ўқув юртида ўқиётган талаба 8 миллион сўм маблағ тўлайди, лекин имтиҳон қоғозларини ўз ҳисобидан нусха кўчиртириб кўпайтиради. Оддийгина тарқатилувчи материаллар ҳам талаба ҳисобига қилинади. Кечагина университетда ректор бўлган раҳбарларнинг оддийгина уйлари бирданига кўп қаватлига айланади, фарзандлари хорижда ўқий бошлайди. Мактабларда эса аҳвол унданда ачинарли, мактабга отланган ўқувчи китоб, дафтарлари билан бирга ўқитувчиси сўраган “мактаб фонди” пулини ҳам ёддан чиқармаслиги керак.

Пойтахтимиздаги 171-мактабда фонд пули 20 минг сўм, 6-мактабда 30 минг сўм, 107-мактабда 12 минг сўм синф фонди, мактаб фондига 3 ойда 25 минг сўм тўланади, 83-мактабда ҳар бир боладан икки ой учун 15 минг сўм йиғилади, бир синфда одатда 45 нафар ўқувчи ўқийди. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бу каби пуллар ҳар бир ўқувчидан йиғилади. Ота-оналар фарзандларини мактабда яхши шароитда ўқишини истагач кимдир бемалол, кимдир оғриниб тўлайверади. Лекин, ота-оналар томонидан берилган бу кичик сармояларга пойтахтдаги ҳеч бир мактаб ўзгариб, яхшиланиб қолаётгани йўқ. Мактаблар қишда совуқ, аксарларида тоза ичимлик суви йўқ, синф хоналари эса таъмирталаб.

ИЛМГА ПУЛ ҚИЗҒАНМАСЛИК КЕРАК, ЛЕКИН...

Аслида мактаблар учун ҳеч ким пул қизғанмайди. Фарзанди ўқиётган мактабда барча шароит бўлишини ким ҳам истамайди, дейсиз? Бироқ, “фонд пули”, “мактаб пули” ҳар доим ҳам тўғри сарфланадими? Ёки мактабларни моддий аҳволини ўнглаш учун шу зайлда ўқувчилар қўлидан пул йиғиш усули тўғри йўлмикан?

Суриштирувимизга кўра аксарият ота-оналар мактабларга тўланаётган “фонд пули”ни нимага сарфланаётганини билмайди. Фарзанди 6-мактабда ўқийдиган аёл фонд пули учун алоҳида ҳар ойда 30 мингдан пул йиғишини шунга қарамай йил охирида синфхона таъмири учун яна алоҳида пул йиққанларини айтади.

МАКТАБГА ПРИНТЕР, ЭЛЕКТРОН ДОСКА.. ҲАММАСИ ОТА-ОНАЛАР ҲИСОБИДАН

Ҳозирда мактабларда фарзандларига тўла-тўкис шароит бўлиши учун кўпгина ота-оналар мактаб ва синфхоналар учун ўртадан пул ташлашиб принтер, электрон доска, компьютер каби ўқув анжомларини олиб беришлари ҳолати ҳам кузатилмоқда. Аниқроқ айтилса ота-оналар фарзандлари мактабни битириб кетгунларича илм даргоҳига топганларини ташимоқда. Мактабларимиз шундай ғамхўрликка қараб қолгани ачинарли бўлса-да, одамларни мактаб учун қайғуриши ижобий ҳолат. Аммо, бу жараённи тартибга солиш, “фонд пуллари”ни барчадан эмас, истовчилардан йиғиш мақсадли эмасмикан?

Мактаб директорлари умумий фонд очиши, ҳомийларни жалб қилиши, катта мартабаларга эришган, йирик тадбиркорга айланган собиқ битирувчиларни мактабга хайрия қилишга чақириши яхши эмасми?

АҚШда одамлар кўпинча ўз маҳаллаларидаги мактаб ва касалхоналарга хайрия қилади. Хайрия қилган киши эса солиқ тўловларида имтиёзга эга бўлади. Ундан ташқари мактабга моддий ёрдам берган киши эртага фарзандлари ва невараларига ўзини шу даргоҳга қўшган ҳиссасини айтиб фахрлана олади. Бу тўй-ҳашамга сарфланган маблағларни мақтанишдан чиройлироқ эмасми?

Орамизда илмга хайрия қилишни истовчилар кам эмас. Фақатгина уни ташкиллаштирувчи дадил ва фидойи мутасаддилар етишмаяпти холос.


PS: ЎзА мухбири мактаблардаги пул йиғимлари ва махсус синфларга илиниш учун узатиладиган “тўловлар” борасидаги текширувларини давом эттирмоқда. Тошкентнинг машҳур мактабларида фарзандингиз ўқиши учун имтиҳон топширишнинг ўзи кифоями? Болаларни мактабга бериш ота-оналарга қанчадан тушмоқда? Мактабни битириш-чи? Халқ таълими вазирлигининг норасмий тўловлардан хабари борми?

Бизни кузатишда давом этинг ва +998935770582 рақамига телеграм орқали фикр мулоҳазаларингизни йўлланг.​

Анора Содиқова, ЎзА
17 613