ЎзА Ўзбек

06.07.2018 15:22 Чоп этиш версияси

Сиз янги олий таълим муассасасига ўқишга киришни истайсизми?..

Сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва саноат тармоқларида чуқур таркибий ўзгартиришлар туфайли ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, кимё ва бошқа тармоқларда замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллий хомашё асосида янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда мамлакатимиз саноат тармоқларида ишлаб чиқариш воситаларини амалга татбиқ қилиш ҳамда уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдаги самарадорлигини таъминлайдиган малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудда саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун олий маълумотли юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби вилоятда жойлашган Россиянинг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ филиалида ҳам 2018/2019 ўқув йили учун кундузги бўлимга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш бошланган. Мазкур муассасанинг Кончилик иши таълим йўналиши бўйича 75 нафар, ўқиш муддати – 5,5 йил, металлургия йўналиши бўйича 50 нафар, ўқиш муддати – 4 йил, Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш таълим йўналиши бўйича 25 нафар абитуриент қабул қилиниши белгиланган бўлиб, ўқиш муддати – 4 йил. Шулардан 40 фоизи давлат гранти, қолган 60 фоизи эса тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш жорий йилнинг 1 июлидан 25 июлга қадар давом этади. Жорий ўқув йилида филиалга 150 нафар ёшлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Абитуриентлардан қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:

ўқув юрти ректори номига ариза;

шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти) нусхаси;

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (шаҳодатнома, диплом);

3,5х4,5 ҳажмдаги 6 дона фотосурат;

саломатлиги тўғрисидаги 086-U шаклидаги тиббий маълумотнома топширилади. Ушбу тиббий маълумотнома рус тилида тўлдирилган бўлиши керак.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи ушбу таълим даргоҳида таҳсил олишни режалаштирган, рус тилини мукаммал биладиган ёшлар ҳужжат топшириши мумкин. Янги ўқув йилида талабаларга филиалдаги дарслар рус тилида малакали профессор-ўқитувчилар томонидан ўтилади.

Айни пайтда Россиянинг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ филиали биносида қурилиш-таъмирлаш ишларининг сўнгги босқичи уюшқоқлик билан амалга ошрилмоқда. Мажмуада ўқув биноси, ётоқхона, спорт комплекси ва хиёбон барпо этилади.

А.Мусаев, ЎзА
9 372