ЎзА Ўзбек

23.06.2020 Чоп этиш версияси

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Китобхонлик маданияти ва маънавият

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Китобхонлик маданияти ва маънавият

СИЗ ҚАЙСИ КИТОБНИ ЎҚИЯПСИЗ?

2.jpg
Ботиржон ТEМИРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Бир умр Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишладим, қаҳрамон бўлиб юртга танилдим. Буларнинг барчасига илм ва меҳнат орқали эришдим. Болалигимдан китоб қўлимдан тушмасди. М. Горкийнинг «Она» романини ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланганман. Ҳали ҳам қаҳрамонлар кўз ўнгимда туради. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Мангулик», «Юлдузли тунлар» каби асарларни кечалари мижжа қоқмай ўқиб чиққанман. Биласизми, шифокорми, инженерми, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар китоб ўқиб, илм излаш керак.

Китоб хонадонга ёруғлик олиб киради, эзгулик улашади. Шу боис ҳар бир уйда кутубхона бўлиши керак. Уйимда техника мавзусига оид китоблар билан биргаликда бадиий китоблар ҳам анчагина. Бозорга тушганимда китоб ёки газета сотиб олишни одат қилганман. Фарзандларимга китобга ошно бўлишни доимо уқтираман. Айни кунларда Тоҳир Маликнинг «Талваса» китобини ўқияпман.

*  *  *

ALI_8529.JPG
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

– Яратганга шукр, бугун 75 ёшни қаршилаб, шу ёшгача эл орасида, илм аҳли ўртасида топган обрў-эътиборим адабиёт, илм туфайли, деб биламан. Аждодларимиз анъаналарини давом эттириб, мумтоз адабиётимизни, тасаввуф таълимотини ва буюк Навоий ижодини ўргандим. Ҳамон ўрганишда, изланишдаман. Ҳар куни, ҳар қандай вазиятда ҳам Алишер Навоий асарларини ўқиб, ҳаёт ҳикматларини англайман.

Қайта-қайта бўлсада «Ҳайрат ул-аброр»ни, «Садди Искандарий»ни, «Маҳбуб ул-қулуб»ни ўқийман. Шогирдларимга, фарзандларимга ҳам улуғ алломанинг шу ва бошқа асарларини ўқишни тавсия этаман.

Масалан, «Ҳайрат ул-аброр»да одобсиз кишилар иззатли бўлмасликлари, баланд осмон бу хил кишиларни пасайтириб қўйиши баён этилади.

Навоий ўзгалар ғамида юрадиган, ҳиммати баланд, ҳожатбарор, адолатпаноҳ инсонларни шарафлайди. Инсон аллақандай мавҳум тушунча эмас. Инсон ўз касбу кори, жамиятда эгаллаган мавқеи билан конкрет шахсдир. Агар ўрта асрларда яшаган кишиларни назарда тутсак, бу деҳқонлар, ҳунармандлар, олимлар, ижодкорлар, амирлар, шоҳлар, савдогарлар ва ҳоказодан иборат. Навоий бу тоифаларнинг ҳаммасини «Маҳбуб ул-қулуб» асарида бирма-бир таърифлаган, аммо ҳар бир гуруҳнинг ҳам яхши-ёмони борлигини кўрсатган. Улуғ шоир шунинг учун адолатли ва золим шоҳ, ростгўй ва риёкор шайх, карамли (саховатли) ва хасис одам, одобли ва беадаб киши, олим ва жоҳиллар хусусида ёзади, уларнинг инсоният жамияти учун фойда ёки зарарини кўрсатиб ўтади.

Умуман, Навоий асарларини ўқиган ҳар қандай инсон ундан фақат таълим-тарбия, илму ҳикмат олади. Шу боис ҳам аллома китоблари менинг доимий йўлдошим, сирдошимдир.

*  *  *

photo5440671795716927173.jpg
Миршод ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро шаҳар кенгаши раиси:

– Марк Менсонинг «Бепарволикнинг нозик санъати» асарини мутолаа қиляпман. Бу асар мен ўқиган бошқа мотивацион китоблардан кескин фарқ қилади. Сизни бефарқ бўлишга ундайди. Қандай қилиб бефарқ бўла олиш мумкин? Муаммоларни қандай қилиб ҳал қила олиш мумкин? Асар сизга шу саволларга жавоб топишга ёрдам беради.

Муаллиф фикрича аслида ҳозирги кунда кўпгина муаммолар улардан қочаётганимиз сабабли келиб чиқмоқда. Оилавий можаролар, ишдаги муаммолар, ўсмирлар, ёшларнинг ўзаро келишмовчиликлари. Бу каби муаммоларни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин биз ҳаммасини тўғрилашга улгура оламизми, йўқми саволини бериш орқали китоб сизни ўйлашга мажбур қилади. Умуман китоб муаммолар ҳақида эмас, балки барча ечим оддийликда, шунчаки бепарволик ҳақида.

Шундай шиддатли замонда сиз муаммоларга бефарқ бўлишингиз мумкинми, уларни сиз учун кимдир ечиб берадими? Гап муаммога қандай ёндаша олишингизда. Китобда айтилганидек сиз муаммоларингизни ёқимли муаммога айлантира олишингиз керак. Умуман олганда китоб фойдали маслаҳатларга бой, фақат уни кундалик ҳаётга татбиқ қила олсангиз бўлгани. Бу китобни ўқишни тавсия этаман.

*  *  *

2 (1).jpg
Қўчқор НОРҚОБИЛ,
ёзувчи

– Чингиз Айтматовнинг танланган асарларини ўқиб тугатдим. Китобдан буюк адибнинг Асил Рашидов таржимасидаги 11та қиссаси ўрин олган. Ёзувчи бу қиссаларда ўз халқининг жон томири, миллий қадриятлари ўзагини таҳлил қилади, халқ характерини очиб беради. Юрт табиатини лирик бўёқларда тасвирлайди. Инсон қалби оғриқларини дард, изтироб даражасига олиб чиқади.

Иккинчи ўқиётган китобим Нобел мукофоти совриндори, машҳур беларус ёзувчиси Светлана Алексиевичнинг «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси» китоби. Асар бадиий публицистик услубда ёзилган. Асарда биз кўрмаган, биз ўқимаган, биз дуч келмаган, ҳатто тасаввур ҳам қилмаган ҳолатлар аёллар образи ва аёллар кузатувида очиб берилган.

Мен бу асарларни ўқишни тавсия этаман.

*  *  *

10.JPG
Зулайҳо НАЗАРОВА,
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ўқитувчиси:

– Ўқитувчининг ҳаёти мутоласиз маънисиз бўлиб қолади. Шу боис, ҳар доим мутахассисликка оид китоблардан ташқари, бадиий китоблар мутолаасига алоҳида эътибор қаратаман. Кўпчилик фақатгина дурдона асарларни ўқишни хуш кўради. Мен дунё тан олган асарлар билан бирга замондош ижодкорларимизнинг асарларини ҳам севиб мутолаа қиламан. Яқинда Иқбол Мирзонинг «Бону» деб номланган китобини ўқиб чиқдим. Асар бир қизнинг бошидан кечирганлари ҳақида экан. Ҳар қандай асарда ҳам маълум ҳаётий воқеалар акс этади. Шунинг учун китоб мутолааси инсоннинг маънавий комиллигига хизмат қилади. Ўқилган китоблардан ўзимизга хулоса чиқарамиз.

Айни пайтда Габриел Гарциа Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» асарини ўқияпман. Дунё китобхонлари тан олган асар мутолааси ҳам ҳаётий сабоқлари билан қалбимдан жой олади, деб ўйлайман.

*  *  *

photo5440671795716927180.jpg
Акбар РУСТАМОВ,
Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати котибият мудири:

– Сўнгги кунларда Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» романини яна қайта ўқиб чиқяпман. Салкам ўн етти йилдан сўнг. Талабалик кезларимда бу китобни икки-уч бор ўқиб, ўзимга нашъа қилган жойларини қалам билан чизганимдан деярли «оқ» жойлари қолмаган экан. Аммо янги ўқиш чоғида ҳам талабалик дунёқараши билан англамаган, эътибор бермаган кўпгина фикрлар мағзига ета бошладим. Ўша китоб, ўша воқеалар, аммо ўн етти йил ўтиб олаётган тасаввурларим, таассуротларим бошқача.

Улуғ Пирнинг таржимайи ҳоли, ҳаёт йўли, у ҳақда бериладиган тарихий фактлар ўз йўлига. Аммо Мавлононинг шайх Фаридуддин Аттор, Шамс Табризий билан кечган суҳбатлари, турли дин илм пешволари билан олиб борилган мусоҳабалар, «Маснавий» у «Девон»дан келтирилган ашъорлар кишини зоҳир ва ботиний оламлар узра сайр эттиради.

Адабий жараёндан охирги ўқиганим Улуғбек Ҳамдам романлари, Абдуқаюм Йўлдошнинг «Пуанкаре» ҳикояси. Ҳар ҳолда юрагимга жиз этиб, охиригача ўқиганим шулар. Эндигина дўкондан харид қилган, бўёқ ҳиди аримаган китобларни бир четга қўйиб, кутубхонамдаги сарғайган, букланган, чизилган саҳифаларга тўла Балзак, Толстой, Достоевский, Маркес, Жойс, Айтматов ва Мурод Муҳаммад Дўстларга мурожаат қилавераман. Китобсеварларга ҳам шу асарларни ўқишни тавсия этардим...



PS: Буюк тамаддун китоб мутолааси билан уйғунлашади. Барча замонларда шундай бўлган. Бугун эса бу улуғ каҳкашон янада муҳташам қиёфага эга бўлди. Илм-фанга оид қўлланмалар ўқувчи билимини оширса, бадиий асарлар инсон маънавиятини шакллантиришга, бойитишга хизмат қилади. Ўқиш-ўрганишга қизиқиш ортса, китобхон аҳоли қанча кўп бўлса, ўша жамият, давлат ривожланиб, такомиллашиб бораверади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ташкил этилаётган янги – «Китобхонлик маданияти ва маънавияти» лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадни кўзлайди.

Лойиҳада давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, депутатлар, таниқли илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, жамоат арбоблари иштирок этади. Сизнинг китобга бўлган муносабатингиз бошқаларга ибрат бўлиши, уларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши мумкин.

Лойиҳамизда иштирок этинг. Ўзингиз ўқиган китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev

E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru

Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37

Сайтимизни кузатиб боринг!

4 102
ЎзА