ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Сиёсий партиялар сайловга қандай ҳозирлик кўрмоқда?

Сиёсий партиялар сайловга қандай ҳозирлик кўрмоқда?

Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказининг Сурхондарё вилоят бўлимида сиёсий партиялар раҳбарлари билан жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлиги сайловларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи, халқаро матбуот марказининг Сурхондарё вилоят бўлими бошлиғи С.Саломов “Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар” шиори остида ўтказилиши эълон қилинган бу йилги муҳим сиёсий жараён аввалгиларидан тубдан фарқ қилишини алоҳида таъкидлади. Бўлажак сайловларнинг янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётгани ва бу жараёнда илгаригидек тўртта партия эмас, балки бешта сиёсий куч иштирок этиш истагини билдиргани ҳам уни умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Вилоятда муҳим бу сиёсий жараённи юқори савияда ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 сайлов округи ҳамда 785 участка сайлов комиссияси фаолият юритади. Депутатлик ўринлари учун воҳадаги бешта партия ўз номзодларини илгари суради. Партиялар томонидан бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар ва блогерлар нафақат, бу йилги сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларига алоқадор саволлар балки, айни пайтда халқнинг давлат ва маҳаллий бошқарув органларидаги вакили бўлган депутатлар фаолияти, илгариги сайловларда сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларида дуч келинган бир-бирига ўхшаш жиҳатларга барҳам бериш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани билан ҳам қизиқди. Фаол депутатларни рағбатлантириш, нофаол халқ вакилларига тегишли чора кўриш ёки муддатидан илгари чақириб олиш билан боғлиқ ҳолатларга тўхталиб ўтишларини сўради.

– Кейинги йилларда маҳаллий кенгашлар депутатлари масъулияти ортиб, уларнинг мақоми ошди, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи А.Рўзиев. – Шунга мувофиқ жойлардаги депутатларимиз халқ ишончини қозониш йўлида сезиларли ишларни олиб бормоқда. Шунингдек, нофаол депутатларимиз билан ҳам алоҳида ишлашни йўлга қўйдик. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, жорий йилда фаолияти талабга жавоб бермаган Қумқўрғон туманидан маҳаллий кенгашга сайланган бир депутатимизни муддатидан илгари чақириб олдик. Бундай ҳолатлардан хулоса қилиб, бу йилги сайловга ижтимоий ҳаётда фаол бўлган, чуқур билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга номзодларни саралаб оляпмиз. Ҳозир ўтган йилларда энг фаол бўлган депутатларимизни аниқлаб, рағбатлантириш чораларини кўряпмиз.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган анжуман иштирокчилари сиёсий партияларнинг фақат сайловлар олдидан эмас, доимий изчил ҳаракатда бўлиши, янги-янги ғояларни илгари суриб, жамият ҳаётида фаол бўлишини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирди.

2 876
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА