ЎзА Ўзбек

20.08.2018 23:09 Чоп этиш версияси

Сиртқи таълим шаклига ўтказилган тест синовлари ҳам якунланди, энди синовлар юзасидан эътирозлар қабул қилинади

Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклига кириш тест синовларининг сўнгги тўртинчи куни – 20 августда ўтказилди. Бу ҳақида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди. Шу куни жараёнда 6 та олий таълим муассасаларининг 42 та таълим йўналишида 8 минг 61 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 415 нафар абитуриент тест синовларига келмаган.

Тест синовлари тартиб-қоидаларини бузганлиги сабабли 15 нафар абитуриент, шундан 6 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 9 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

20 августда ўтган тест синовлари фақат Тошкент шаҳридаги катта сиғимли биноларда ўтказилганлиги ҳамда Қурбон ҳайити муносабати билан тест натижалари  шу куннинг ўзида эълон қилинди. Унга кўра, тўлов-контракт бўйича энг юқори ўтиш бали – 79,6 балл бўлиб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ҳамда бошқариш” таълим йўналишида қайд этилган. Ўртача ўтиш бали эса 59,1 баллни ташкил этди.

Бугун тест синовлари якунланиши баробарида Давлат тест маркази синовлар натижасидан норози бўлган абитуриентлар аризасини қабул қилиш бошланганини ҳам эълон қилди. Унда қайд этилишича, бу жараён дам олиш ва байрам кунларисиз 11 кун ичида, яъни, 30 августга қадар давом этади. Аризалар Давлат тест марказида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларида қабул қилинади.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
5 247