ЎзА Ўзбек

17.08.2018 12:39 Чоп этиш версияси

Сиртқи таълим шаклига тест синовларининг дастлабки маълумотлари эълон қилинди: 58 нафар абитуриент қоидаларни бузишга уринган

Сиртқи таълим шаклига тест синовларининг дастлабки маълумотлари эълон қилинди: 58 нафар абитуриент қоидаларни бузишга уринган
Бугун олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига тест синовлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган тезкор маълумотга кўра биринчи куннинг дастлабки сменасида 19 та олий таълим муассасаларининг 13 та таълим йўналишида тест синовлари бир вақтда соат 8:00 дан бошланиб, 11:30 га қадар тўлиқ якунланди. Синовларда 25 минг 516 нафар абитуриент иштирок этган, турли сабабларга кўра 1 996 нафар абитуриент келмаган.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 58 нафар абитуриент, шундан 19 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгалар ўрнига киришга уринганлиги учун, 39 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга, бошқа абитуриентга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан 2 030 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Тест натижалари Фелдьегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 2-cмена якунлангандан сўнг 18.30 дан қайтариш бошланади. Тошкент шаҳрида тест материаллари 12.00 дан бошлаб Давлат тест марказига қайтарила бошланди.

Тест синовлари белгиланган режа асосида ўтказилди ва ўтказиш жараёнида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермади.

4 630