ЎзА Ўзбек

11.02.2019 17:56 Чоп этиш версияси

Сирли авангард

Сирли авангард

Ўзбекистон давлат санъат музейида “Сирли авангард“ дея номланган кўргазма очилди. Музей ташкил этилганининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган кўргазмада Россия ва Марказий Осиё авангард ижодкорларининг 120 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг тантанали очилишида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова иштирокчиларни маънавият-маданият байрами билан қутлади. Қарийб бир аср олдин ташкил этилган Ўзбекистон давлат санъат музейи мамлакатимизнинг етакчи маданий, маърифий ва илмий марказларидан бирига айланганини таъкидлади.

9.jpg

7.jpg

Музей экспонатлари қадимий ва ноёблиги билан томошабинларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Бу ерда экспозициялар жанр ва турларга ажратилган ҳолда хронологик тартибда тузилган. Ҳар бир залдаги экспонатлар санъат турлари, мактаблари, анъаналар ва ҳозирги ривожланиш тенденцияларига қараб жойлаштирилган. Экспозиция Ўзбекистоннинг қадимий санъат ёдгорликлари – Зараутсой расмлари, Холчаёндан топилган ҳайкаллар, Ўзбекистон халқ амалий безак санъатини намойиш этиш билан бошланади. Шунингдек, музей коллекциясидан Р.Фальк, П.Кандинский, А.Эхтер, А.Осмеркин, К. Малевич, А.Лентулов, Л.Попова сингари рус авангард рассомларининг ҳам бетакрор асарлари ўрин олган.

1.jpg

26.jpg

– Музейимиз узоқ тарихга эга, – дейди музей директори Васила Файзиева. – Унда сақланаётган ҳар бир асар ўтмишдан, ота-боболаримиз яшаб ўтган даврлардан сўзлайди. Айниқса, қадимий осори-атиқалар, заргарлик, кандакорлик, гиламдўзлик, каштадўзлик, кулоллик, меъморлик намуналари, қолаверса, тасвирий санъатимиз дарғаларининг энг сара асарларидан тортиб Россия, Ҳиндистон, Бирма, Хитой, Япония, Жанубий Корея давлатларидан келтирилган суратлар, бронза, чинни, фил суягидан ишланган юзлаб буюмлардан иборат тўпламлар бу ерга келувчилар эътиборини тортмасдан қолмайди.

24-faqat saytga.jpg

“Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида“ лойиҳаси доирасида нашр этилган “Ўзбекистон давлат санъат музейининг тўплами“ китоб-альбоми тақдимоти ҳамда музей фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиши тадбирнинг асосий воқеаси бўлди. Санъаткорларнинг чиқишлари даврага янада файз бағишлади. Соҳа ходимлари ҳамда санъат ихлосмандларига совғалар улашилди.

Моҳигул Қосимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА​​
1 785