ЎзА Ўзбек

13.07.2018 22:29 Чоп этиш версияси

Сирил Мюллер: Жаҳон банки Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга тайёр

Сирил Мюллер: Жаҳон банки Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга тайёр Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Меҳмон учрашувдан кейин ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон раҳбари билан учрашувда Шериклик дастури ижросига алоҳида эътибор қаратдик. Бу дастур қишлоқ хўжалиги, ирригация, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қамраб олган.

Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий модернизация қилишда ҳамкорликни янада фаоллаштириш масаласини ҳам муҳокама қилдик. Хусусан, олий таълим соҳасини ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, мактабгача таълим сифатини ошириш, бунда айниқса, қишлоқ жойлардаги шу каби муассасаларга алоҳида эътибор бериш борасида келишиб олдик.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати янада эркинлашгани, хусусан, банк-молия, солиқ тизимидаги ўзгаришлар, валюта сиёсатининг либераллаштирилгани мамлакат иқтисодий имиджини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, мамлакатингиз 2015 йилда Жаҳон банки рейтингида қулай бизнес муҳити бўйича 100-ўринни эгаллаган бўлса, бугунги кунда 74-ўринда қайд этилмоқда. Икки йилда 26 поғона ўсиш жуда яхши кўрсаткич бўлиб, хорижий инвесторларни жалб қилишда муҳим омил бўлади.

Жаҳон банки кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр.

Зиёдулла Жонибеков ёзиб олди, ЎзА
5 637