ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

Сирдарёлик фермер режани биринчи бўлиб бажарди

Сирдарёлик фермер режани биринчи бўлиб бажарди

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги «Нарзулло Юлдуз фаёд» фермер хўжалиги раҳбари А.Мингбоев Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев номига зафарнома йўллади.

Бу ҳақда Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар тарқатди.

Туманда фаолият кўрсатаётган «Нарзулло Юлдуз фаёд» фермер хўжалиги миришкорлари жорий йил баҳорида 21,3 гектар майдонга яхши ният билан барака уруғи қадади. Ўтиб бораётган қишлоқ хўжалиги мавсуми давомида барча агротехник тадбирларга риоя қилинган ҳолда ғўзани меъёрида парваришлади ва бунинг самарасида пахтачилик кластери билан тузилган шартномавий режани республикада биринчи бўлиб бажарди.

photo_2020-09-15_20-17-24.jpg

Биринчи теримни ўзидаёқ ҳар гектар ердан 27,5 центнердан ҳосил йиғилиб, салкам 60 тонналик хирмон чошланди. Бу режага нисбатан 108,2 фоизни ташкил этиб, йиғилган ҳосил тўлалигича олий навга сотилди.

Етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олишда илғор теримчилардан Гулноза Оқжигитова, Камола Каримбердиева, Дилноза Мирзабекова ва бошқалар кунига 180-200 килодан ошириб хирмон чошлаганларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

– Хўжалигимиз далаларида ҳали ҳосил мўл, – дейди «Нарзулло Юлдуз фаёд» фермер хўжалиги раҳбари А.Мингбоев. – Шу боис, хўжалигимиз аъзолари билан гапни бир жойга қўйиб, ялпи ҳосилдорликни 30,5 центнерга, режани 125 фоизга етказишга қарор қилдик.

photo_2020-09-15_20-17-17.jpg

Пахтакорларнинг ушбу ғалаба марраси ва йил бўйи қилган машаққатли меҳнатлари вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда прокуратуралари томонидан муносиб тақдирланди. Пешқадамлар ҳузурига вилоят прокурори Р.Машарипов, вилоят ҳокимининг ўринбосари К.Собиров ҳамда туман ҳокими Д.Ўроловалар ташриф буюриб, фермер хўжалиги аъзоларига қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширди.

Хўжалик пахта далаларида йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда.

5 695
А.ҚАЮМОВ, ЎзА