ЎзА Ўзбек

31.08.2018 14:12 Чоп этиш версияси

Сирдарёлик “Асака” банк ходимларига қурувчиларнинг байрам туҳфаси

Сирдарёлик “Асака” банк ходимларига қурувчиларнинг байрам туҳфаси
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакамиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан “Асака” банк Сирдарё вилояти филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, “Асака” банк республика бошқаруви раиси Қ.Муллажонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тижорат банклари томонидан банк хизматлари кўлами мунтазам кенгайтирилиб, мижозлар учун кўплаб қулайликлар яратилаётганини ва бу ўз ўрнида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Лойиҳа қиймати 10 миллиард 600 миллион сўмлик янгидан бунёд этилган банк биносидаги барча қурилиш-монтаж ишлари “Бекзод Шер” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди. 

– Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига ушбу замонавий тарзда жиҳозланган, барча қулайликларга эга янги бино қурувчиларимизнинг бизга ажойиб байрам туҳфаси бўлди, – дейди “Асака” банк Сирдарё вилояти филиали раҳбари Ойбек Эгамбердиев. – Банкимизнинг янги биносида ходимларимиз учун ҳам, мижозлар учун ҳам барча шароит яратилган. Бу эса, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш ҳамда сифатини янада яхшилаш имкониятини беради. Айни пайтда, бу ерда 63 нафар ходимимиз 1 минг 600 га яқин юридик, 12 минг 145 нафар жисмоний шахсга намунали хизмат кўрсатмоқда. 

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди. 

А.Қаюмов, ЎзА
3 203