Сирдарёда юзлаб одамларни қармоғига илинтираётган 19 ёшли хакер ва ниҳоят қўлга тушди
Анчадан буён Ҳайратулланинг бу қилмишлари изига тушиб юрган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ниҳоят виртуал ўғри хаккерни аниқлаб, уни жиноят устида қўлга олди.
Инновацион технологиялар орқали янги-янги дастурлар яратиш орқали кибр-спортда ўз салоҳиятини кўрсатиб, замонамиз қаҳрамонига айланиши мумкин бўлган 19 ёшли ховослик йигит нафси йўлида ўз иқтидорини қора ишларга сарфлаб, охир-оқибат суднинг қора курсусига ўтирди...
...Янгиер шаҳридаги қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, 19 ёшли Ҳайратулла Қораев (исми-шарифи ўзгартирилган) уяли алоқа воситаси орқали “@admin” номли профилни қидириш пайтида “Хакерлик сирлари” номли канални топиб олди. Шу-шу ушбу каналга мунтазам кириб, ундаги турли хил дастур ва видеоларни томоша қилди ва дастурлардан фойдаланиш тартибларини қунт билан ўрганди.
Ушбу “Хакерлик сирлари” каналидаги беҳаёликни тарғиб этувчи вирусли дастурга кўзи тушиб, унинг эмблемаси остида ёзилган 4 та рақамли кодни эслаб қолади. Дастурга кириш тугмачасини босганида эса мобиль телефон аппарати блокка тушиб қолади. Эслаб қолган ўша 4 та рақамли кодни терганида эса телефони блокдан ечилди.
Ҳайратулла Қораев бу “ажойиб” жараённи янада мукаммалроқ ўрганди ва беҳаё суратлар акс этган дастурни юклаб, “Буни яқиндан билмоқчи бўлсанг, дастурга кир!” деган хабарни ёзиб танишларининг телефонига жўнатади. Табиийки, шу дастур тагига ҳали танишлари билмайдиган телефонининг янги рақамини жойлаштиради. Агар кимдир ушбу беҳаёликни тарғиб этувчи вирусли дастурга “қизиқиши” устун келиб ўз телефони орқали кирса, унинг рақами блокка тушиб қолаверди ва экранида нотаниш рақам пайдо бўлиб, рақам тагида “Ушбу рақамга пайнет ёки клик орқали (20 ёки 30 минг сўм) тўловни амалга оширсангиз, телефонингизни блокдан ечиб бераман”, деган хабар чиқиб турарди.
Уяли алоқа воситаси блокка тушиб қолган, бу Ҳайратулланинг “ихтиро”си эканидан бехабар кишилар унинг янги, нотаниш рақамига қанча қўнғироқ қилишмасин, “Телефон ўчирилган ёки хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида. Смс юборинг ёки кейинроқ қўнғироқ қилиб кўринг!” деган оператор жавобидан нарига ўтмасди.
Нопок ишлар билан шуғулланиш у ёқда турсин, у билан қизиққанлар ҳам жабрланар экан. Ахмоқона қизиқиш қурбонига айланган абонентлар билан уларга ўзини “халоскор” қилиб кўрсатган Ҳайратулла фақат смс хабарлари орқали боғланиб келган. Телефонда гаплашса товушидан, кўришса ўз таниши экани ошкор бўлиб қолмаслиги учун иш тутганини, у судда тан олди.
Коллежга бориб келиши, кунлик нонуштаси, қўйингки, телефони учун ота-онасидан пул сўраб юрган Ҳайратулланинг “ишлари” юришиб, телефон қўнғироқлари ва интернет тармоғига уланиш “виб”га, кунлик смслари юзлаб мегабайт, гегабайтга айланди. Елвизак айланиб юрган чўнтаклари ҳам энди пул кўргандек бўлди.
Ҳеч қаерда жон куйдириб, меҳнат қилмай, ер чопмай, лойга ботмай даромад орттираётган бўлсада, ноқонуний йўл билан топаётган бу пуллар ҳам Ҳайратулланинг нафсини қониқтирмай қўйди. У “Хакерлик сирлари” каналига янада чуқурроқ кириб, ундаги қинғирликларни мукаммалроқ ўзлаштиришга киришди. Телефон рақамлари клик тизими орқали пластик карталарга уланган фуқароларни чалғитиб, уларнинг клик кодини билиб, клик хизматига яширинча уланиб олишни ўзлаштириб олди. Кейин бирин-кетин, соддадил, хайрли иш қиламан, дегандан ёмонлик кутиш хаёлига ҳам келмаганларнинг банк пластик карточкаларидаги пул маблағларини бирин-кетин ечиб, ўзи истаган, аввалдан келишиб қўйган учинчи шахсларнинг пластик карточкалари ҳисобига ўтказар, сўнгра Гулистон шаҳрига келиб, эски деҳқон бозоридаги “фоизчи”лардан 5 фоиз устама ҳисобига, нақд пулга алмаштириб, ялло қилиб юраверди.
Аввалги “иши”да кунига 70-80 минг сўмдан пул топаётган бўлса, эндиликда инсонларнинг соддадиллигидан фойдаланиб ўзи ўйлаб топган “Пандемиядан зарар кўрганлар фондига”, “Тошқиндан зарар кўрганлар фондига”, “Камбағалликдан чиқаришда ёрдам фондига” деб, бир кунда 500 мингдан 1 миллион сўмгача пул маблағларини, ҳеч таптортмай ўз ҳисбига ўтказиб, фойда кўрадиган бўлди.
Анчадан буён Ҳайратулланинг бу қилмишлари изига тушиб юрган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ниҳоят виртуал ўғри хаккерни аниқлаб, уни жиноят устида қўлга олди.
Ҳайратулла Қораев томонидан алдов ва фирибгарлик йўли билан фуқароларга келтирган моддий зарарларини унинг яқинлари тергов ва суд давомида тўлашга мажбур бўлди. Ҳатто, 10, 20, 30 минг сўмлаб пайнет қилган фуқаролар ҳам аниқланиб, уларнинг пуллари ҳам тўлиқ қайтарилди.
Жиноят ишлари бўйича Ховос тумани суди раиси ҳайъати судланувчи Ҳайратулла Қораевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Судланувчига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун тўрт ярим йилу 29 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.