ЎзА Ўзбек

28.07.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Сирдарёда олти ойда 95 минг 449 йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди

Сирдарёда олти ойда 95 минг 449 йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди
Жорий йилнинг 6 ойи якуний ҳисобига кўра, Сирдарё вилоятда автомототранспорт воситалари сони қарийб 63 минг 900 тани ташкил этди.

Бундай натижалар ўз навбатида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклаши шубҳасиз. Ҳудудда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва турли қоидабузарликларни аниқлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, алоҳида йўл-патруль хизмати сафарбар гуруҳлари, шаҳар ва туман ИИБ ЙҲХ бўлинма ва гуруҳлари ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 95 минг 449 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган. Қўпол равишда қоида бузиш ҳолатлари 38 минг 848 тани ташкил этиб, жумладан, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш 1 минг 918 ҳолатда, пиёдалар томонидан қоида бузилиши 4 минг 931 ҳолатда қайд этилди. 

Транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл идора раҳбарларига 42 та тақдимнома киритилиб, йўлларга бириктирилган бўлса-да, ушбу ҳужжат ижросини таъминламаган 10 нафар мансабдор шахслар ва ташкилот раҳбарларига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилди.

Амалга оширилган профилактика тадбирлари натижасида вилоятда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 та (100 тадан 95 тага)га, йўл-транспорт ҳодисалари туфайли ҳалок бўлган фуқаролар сони 3 та (25 тадан 22 тага)га, тан жароҳати етказиш ҳолати 2 та (75 тадан 73 тага)га камайишига эришилди.

– Содир бўлган йўл-танспорт ҳодисалари турлари бўйича таҳлил қилинганда, ҳодисаларнинг 50 фоиздан ортиғи пиёдаларни уриб юбориш ҳолатига тўғри келмоқда, – дейди Сирдарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Фарҳод Шойзоқов. – Ана шу ҳалокатларнинг асосий қисми халқаро аҳамиятга молик – М-34, М-39, А-373 ва А-376 автомобил йўллари кесиб ўтган Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин ва Сайхунобод туманлари, Гулистон ва Янгиер шаҳарлари ҳудудига тўғри келяпти.

Йўл-транспорти ҳодисаларининг келиб чиқишига асосий сабаб, бу – тезликни чегараланган меъёридан ошириш оқибатида содир бўлмоқда. Ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимилиги билан келишилган ҳолда 2 та онлайн режимида ишлайдиган фоторадар комплекси харид қилинди. Ушбу радарлар Сирдарё тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-34 автомобиль йўлининг 91-километрига ҳамда Оқолтин туманидан ўтувчи А-373 автотрассасининг 3-километрига ўрнатилди.
Бундан ташқари, 4 та “Искра видео-2” русумли видеорадар, “Арена” ва “ Крис-П” русумидаги тезлик ўлчовчи фоторадар комплекси билан жиҳозланган хизмат патруль автомашиналари ҳам вилоят ҳудудидаги йўл-транспорт ҳодисалари кўпроқ содир этилиши мумкин бўлган жойларда куну тун хизматни ўташлари ташкил этилган.

Шунингдек, вилоятнинг халқаро аҳамиятга боғлиқ йўл бўйларига тунда маёқчалари ёниб турувчи 5 та “патруль хизмат автомашиналари” нинг макетлари ўрнатилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида белгиланган тартибда ташкил этилган махсус гуруҳ томонидан 252 маротаба рейд ташкил этилиб, унда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 16 минг 426 та транспорт воситалари текширувдан ўтказилди. Бекатлар орқали ҳаракатланган ҳайдовчилар томонидан 1 минг 642 та қоидабузарлик аниқланди. Шундан 1 минг 67 нафар ҳайдовчи ноқонуний равишда, лецензияси бўлмай туриб, йўловчи ташиш билан шуғуллангани учун далолатнома расмийлаштирилиб, ҳудудий суд ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилди. 

Вилоят ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча 269 турли янги йўл белгиси ўрнатилиб, 534 йўл белгиси янгисига алмаштирилди ҳамда 211 эски йўл белгилари қайта тикланди. 1 минг 384 квадрат метр йўл чизиқлари чизилиб, 147 минг 456 квадрат метр йўлнинг қатнов қисми қайта таъмирланди. Пиёдалар йўлакчасининг 5 квдрат метри янгидан барпо этилиб, 48 квадрат метри қайта таъмирланди. 

Ҳафтанинг ҳар шанба куни “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш куни” деб эълон қилиниб, йўл-транспорт ҳодисалари кескин ошиб бораётган ҳудудларда, аҳоли гавжум жойларда, бозорлар атрофида қўшма рейдлар мунтазам равишда ташкил этилаётир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 207