ЎзА Ўзбек

08.09.2019 Чоп этиш версияси

Сирдарёда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Сирдарёда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Гулистон шаҳридаги вилоят кўз касалликлари шифохонасида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кўз микрохирургия тиббиёт маркази врач ва олимлари шифохона врачлари билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказди.

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кўз микрохирургия тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи кўз касаллиги билан мурожаат қилган 10 дан ортиқ беморларда мураккаб жарроҳлик амалиёти, 30 нафарга яқин беморни соҳа йўналишида тиббий кўригидан ўтказди, 20 дан зиёд мурожаат қилган фуқароларга тиббий маслаҳатларини берди.

photo_2019-09-08_12-20-05.jpg

– Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида мана салкам 2 ойдирки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги республика марказий шифохоналари, тиббий илмий-амалий марказларнинг профессор, олим ва врачлари вилоятимизда фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишяпти, – дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош врачи Расул Каримов. – Малакали шифокорлар томонидан аниқ ташхис қўйилгач, беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, республика, вилоят шифохоналарига йўлланма беришяпти, муолажа ўтказиб, зарурати бўлган ва шу жойнинг ўзида жарроҳлик амалиётларини бажаришяпти.

Бизнинг шифохонамизда ҳам Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кўз микрохирургия тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов, марказ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Воҳиджон Розуқулов ҳамда шифохонамиз врачлари ҳамроҳлигида 3 нафар беморда янги инновацион технологиядан самарали фойдаланган ҳолда лазер нури билан, 8 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтади.

photo_2019-09-08_12-20-14.jpg

Республикадан ташриф буюриб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказаётган малакали шифокорлар Сардоба тумани Пахтаобод шаҳарчасида яшовчи 10 ёшли Илҳом Сотиболдиев кўзига иккиламчи парда тушиши ташхиси қўйиб, вилоят кўз касалликлари шифохонасига йўлланма берди.

Бу ерда Илҳомни тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов ҳамда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кўз микрохирургия тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Воҳиджон Розуқуловлар текшириб, вилоят шифохонасининг малакали шифокорлари Расул Каримов, Комилжон Холйигитов, Фируз Сайидқуловлар ҳамроҳлигида унинг кўзида аниқланган хавфни лазер нури орқали жарроҳлик амалиётини қўллаган ҳолда бартараф этди.

photo_2019-09-08_12-20-10.jpg

– Беш нафар фарзандим, тўрт нафар набирам бор, ёшим 74 да, – дейди қўшни Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Бозорбой Холманов. – Ёш ўтганиданми билмадим, кўзимни очолмай қийналиб қолаётган эдим. Агар бир амаллаб кўзимни очадиган бўлсам, ёш қўйилиб келаверарди. Тошкентдан келган шифокорлар кўзимни текшириб кўриб, “артифакия орқа капсула фибрози” деган ташхисини қўйди ва лазер нури орқали микрожарроҳлик амалиётини кўзимда ўтказди. Қаранг энди жуда яхши кўряпман. Ёш ҳам йўқ. Чор атроф чароғон, ёшлигимдагидек тиниқ ва равон кўряпман. Шифокорларимизнинг қўллари дард кўрмасин.

photo_2019-09-08_12-20-07.jpg

9 422
А.ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири