Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.03.2017 15:50 Чоп этиш версияси

Сирдарёда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар қасамёд қабул қилди

Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ўринбосари, подполковник Ҳ.Ботиров, Ўзбекистон халқ артисти А.Рафиқов ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида ташкил этилган профессионал миллий армиямиз давлатимиз суверенитети, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

– Ўғлим ҳарбий либосда қасамёд қилганини кўриб, қалбимда фахр-ифтихор туйғулари жўш урди, – дейди Навоий вилояти Кармана туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Элёр Жумаевнинг онаси Гулшан Йўлдошева. – Аскарлар учун ҳарбий қисмда яратилган шароитлар билан танишдик. Фарзандларимиз йигитлик бурчини аъло даражада ўташи, маънавий ва жисмоний чиниқиши учун яратиб берилган шароитлардан кўнглимиз тўқ.

– Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли ишга киришаётганимдан фахрланаман, – дейди сурхондарёлик оддий аскар Абдуботир Маманоров. – Ҳарбий қасамёд маросими ҳаётимда унутилмас воқеа бўлиб қолади. Ҳарбий хизмат давомида менга юклатилган барча топшириқ ва вазифаларни сидқидилдан бажариб, йигитлик бурчимни аъло даражада ўташга, ота-онам, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлашга ваъда бераман.

Тадбирда тинчлик, Ватан ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 241






Все о погоде - Pogoda.uz