Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.09.2017 13:14 Чоп этиш версияси

Сирдарёда болаларни соғломлаштириш имконияти янада кенгаяди: 200 ўринли янги оромгоҳ учун ер ажратилди

Сирдарёда болаларни соғломлаштириш имконияти янада кенгаяди: 200 ўринли янги оромгоҳ учун ер ажратилди Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши йўлида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда.

Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ўтказилган болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг анжуманида бу алоҳида таъкидланди.

Вилоятда болаларни соғломлаштириш борасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт бошқармалари мутасаддилари, оромгоҳлар раҳбарлари, спорт мураббийлари, тиббиёт ходимлари, оромгоҳларга бириктирилган ички ишлар идоралари ходимлари иштирок этди.

– Жорий йилги мавсумда вилоятдаги 3 доимий оромгоҳда 1 минг 800 нафар, 32 кундузги оромгоҳда 8 минг 100 боланинг кўнгилдагидек дам олиши таъминланди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси К.Оқбўтаев. – Оромгоҳлар болаларни нафақат жисмоний соғломлаштириш маскани, балки уларнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказига айланди. Келгуси йили болаларни соғломлаштириш имкониятимиз янада кенгаяди. Хушҳаво тоғ бағрида янги оромгоҳ учун ер ажратилди, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маблағлари эвазига бунёд этиладиган ушбу оромгоҳ 200 ўринли бўлиб, мавсум давомида мингдан ортиқ бола мириқиб ҳордиқ чиқариши мумкин.

Тадбирда ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлари сарҳисоб қилинди. Унда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшган “Энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Энг фаол етакчи”, “Энг яхши спорт мураббийи”, “Энг яхши тиббиёт ходими”, “Энг фаол ички ишлар идоралари ходими”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг яхши оромгоҳ раҳбари”, “Энг намунали оромгоҳ” ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.

Тадбир сўнггида ёзги дам олиш оромгоҳлари тўгараклари кўргазмаси, соғломлаштириш жараёни акс этган видео-роликлар намойиш этилди. Тўгарак аъзоларининг Ватан, тинчлик, дўстлик ва ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқ ва рақслари иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
3 614






Все о погоде - Pogoda.uz