ЎзА Ўзбек

21.07.2018 12:21 Чоп этиш версияси

Сирдарёда “Биз ОИВ инфекциясига қаршимиз!” акцияси ўтказилди

Сирдарёда “Биз ОИВ инфекциясига қаршимиз!”  акцияси ўтказилди
Гулистон шаҳрида “Биз ОИВ инфекциясига қаршимиз!” акцияси доирасида бўлиб ўтган тадбирда мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. 

Сирдарё вилояти ҳокимлиги, прокуратура, соғлиқни сақлаш бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, вилоятдаги “н” ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарлари, уюшмаган ёшлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги каби Сирдарё вилоятида ҳам одам иммунитети вируси (ОИВ) ҳамда орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС) тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур ҳужжат асосида ишлаб чиқилган 2018 йилдаги Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ўтказилган ушбу тадбир уч бўлимда ташкил этилди. 

Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришга вилоятда алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш, улар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш мазкур касалликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Шунинг учун вилоят ОИТС марказининг ташаббуси билан учта: “Биз ёшлар ОИТСга қаршимиз!”, “Бизнинг оила ОИТСга қарши!” ҳамда “Бизнинг маҳалла ОИТСга қарши!” акциялари эълон қилинди. Унда ОИТС ва ОИВга қарши курашиш ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ва ҳар бир ўзбекистонлик фуқаронинг бурчи эканлиги кенг тарғиб қилинди. 

Маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасаларига ОИТС ва ОИВга қарши курашга чорловчи махсус баннерлар ёпиштирилиб, буклетлар тарқатилди. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, Гулистон давлат университети ва маҳаллаларда “Биз – соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Биз ёшлар ОИТСга қаршимиз” каби мавзуларда расмлар, ҳунармандчилик буюмлари танловлари, давра суҳбатлари, учрашувлар, викториналар ўтказилди ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилди. 

Мазкур акцияларда фаол иштирок этган кекса-ю ёшнинг рўйхати ҳокимлик, прокуратура, соғлиқни сақлаш, ёшлар иттифоқи, ОИТСга қарши кураш маркази, маҳалла фаоллари ва бошқа мутасадди идоралар ходимларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати томонидан шакллантириб борилди. 

Акциянинг илк куни вилоят марказидаги “Алпомиш” спорт мажмуасида акция доирасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган спортнинг футбол, волейбол, теннис, шахмат, шашка, бадминтон ва енгил атлетика турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

Тадбирнинг иккинчи куни вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Абдуғаниев, Республика ОИТСга қарши кураш маркази директорининг ўринбосари Ғ.Ражабов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ш.Зайниддинов ва бошқалар давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда ОИТС ва ОИВга қарши курашишда ва бу инфекция юқишининг олдини олиш мақсадида ҳамкорликда кескин чора-тадбирлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Семинар иштирокчилари ОИТС ва ОИВ инфекциясини юқтириб олиш оқибатлари нималарга олиб келиши, унинг олдини олиш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, дардга чалинганлар давлат бюджети ҳисобидан даволанаётганлари тўғрисида маърузаларни тинглади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ОИТС – XXI аср вабоси бундан 30 йиллар муқаддам қайт этилиб, куррайи заминимизда одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан оғриганлар сони бугун 40 миллиондан ортибди. Ҳар йили 2-2,5 миллион киши ушбу хасталикка чалиниб, 1,8-2 миллиони дунёдан кўз юмаётир. Афсуски, ушбу дард йилдан-йилга ёшариб, бугунги кунда 15 ёшли болаларда ҳам ушбу инфекция қайд этилмоқда.

Ўзбекистонда илк бор ОИТС касаллиги 1987 йили Тошкентда таҳсил олувчи африкалик талабада аниқланган. 1989 йилда Африка мамлакатларидан бирида ишлаб келган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳам ушбу касалликка чалингани таҳлиллар натижасида маълум бўлган. Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилувчи 37 минг шахсда ОИТС вируси борлиги қайд этилган. Айни чоғда 21 минг ўзбекистонлик фуқаролар ОИТСга қарши давлат бюджети ҳисобидан даволанмоқда. 

Семинар давомида ОИТС билан оғриган сирдарёлик бемор аёлнинг ўз хоҳиш-истаги билан мини-дискка ёзиб олинган мурожаати қўйиб эшиттирилди. Бемор ўз мурожаатида никоҳдан аввалги тиббий текширув жараёнида шифокорлар куёв бўлмишда ОИТС инфекцияси борлигини қайд этишганига, келиннинг барча оила аъзолари, маҳалла-кўй, шифокорлар бу никоҳга қарши бўлишларига қарамай, бу бедаво дарднинг оқибатига тушуниб етмай, сўзида қатъий туриб олганини, ҳатто никоҳ ўқиш учун ҳеч бир имом рози бўлмаган бўлса-да, турмуш қурганини, энди бу дард билан оғриб нақадар қийналаётгани “Ҳеч бир кимса бундай тубанликка қўл урмасин!” дея таъкидлади. 

– Кўпчилик ОИТС ёки ОИВга чалинганлардан ўзини олиб қочишга уринади, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Ғуломжон Ражабов. – Бунга сабаб, уларнинг касаллик ҳақида етарлича билимга эга эмаслигидир. Бугунги семинарда шу дард билан оғриб, ёшларга мурожаат қилган бемор аёлни олайлик. Унга бу дарднинг оқибатлари ҳақида етарлича тушунча берилмаган. У шифокорларни, яқинларини гапига ишонмай, куёвнинг “Мана мен СПИД бўлсам ҳам яхши юрибман-ку, бу врачлар ҳамиша ошириб юборишади, ҳеч нарса бўлмайди”, деган сўзларига ишониб, шундай дардни орттириб олган. Демак, бундан хулоса шуки, ҳали аҳолини айниқса ёшларимизни ОИТС ҳамда ОИВ инфекцияларидан муҳофаза қилиш, унга қарши курашиш ва даволаш тадбирларини олиб боришда камчиликлар бор. 

Тадбирнинг учинчи қисми эса Гулистон шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да давом эттирилди. Акция иштирокчиларига вилоят санъаткорлари томонидан ОИВ ҳамда ОИТС инфекциясини юқтириб олиш оқибатида не-не инсонларнинг келажаги поймол бўлган, гулдек оилаларнинг пароканда бўлиб кетиши, гиёҳвандлик, маишатпарастлик, шаҳвоний ҳирсларга қул бўлишлик, тўқликка шўхлик қилиш оқибатида касалликни юқтириб олган шахсларнинг тақдири саҳна кўринишларида намойиш этилди. 

Шаҳардаги “н” ҳарбий қисм ҳарбийларининг чиқишлари ва санъаткорларнинг концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият улашди. 

Уч йўналиш бўйича ўтказилган акция ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди. 

А.Қаюмов, ЎзА
4 930