ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Сирдарёда 500 киши ишли бўлди

Сирдарёда 500 киши ишли бўлди

Гулистон шаҳрида янгидан барпо этилган замонавий “Хумо” савдо мажмуасида 500 киши иш билан таъминланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри ҳокимликлари, меҳнат фахрийлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

ХУМО-13.jpg

Тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, ишбилармон, ёш мулкдор Дантес Устаджалиловнинг қатъий саъй-ҳаракати билан янги деҳқон бозори ёнида энг замонавий, муҳташам савдо маркази қурилиб, ишга туширилганини алоҳида таъкидлади.

Ушбу замонавий савдо мажмуасида харидорлар учун барча шароитлар яратилган. Дўконлар харидорлар дидига мос тарзда жиҳозланган. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда 230 та савдо шохобчаси хизмат кўрсатмоқда. Мажмуада “Савдогарбанк”нинг Сирдарё вилояти филиали ҳам мижозларга хизмат кўрсатишни бошлади. Шунингдек, марказда 3 та банкомат ва инфокиоск ўрнатилган. “Ренесанс” микрокредит ташкилоти фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

ХУМО-5.jpg

Яна бир аҳамиятли томони, савдо марказининг ўзида конференц зал ҳам мавжуд. Савдо алоқаларига доир масалалар эркин мобил алоқалар орқали ҳал этилади.

Мажмуанинг очилиш маросими улуғ шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун шодиёнасига уланиб кетди. Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари тадбирда Бобур қаламига мансуб ғазаллардан намуналар ўқиди. Хайрия концерти ҳам намойиш этилди.

ХУМО-11.jpg

Шу куни мажмуа тасарруфидаги тадбиркорлар ўртасида ютуқли лотерея ўйини ўтказилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва 1 та «Спарк» русумли енгил автомашина билан тақдирланди.

– Президентимизнинг хорижда фаолият кўрсатаётган асли ўзбекистонлик тадбиркорларни мамлакатимизга келиб, ишлашга даъват этганлиги, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаётгани бизни чексиз қувонтирди, – дейди “Дантес Констракшин” фирмаси раҳбари Дантес Устаджалилов. – Амакиларим Рустам, Шавкат, отам Фарҳод Устаджалиловлар Гулистон шаҳрида туғилиб, вояга етган. Уларнинг ҳаммалари 11-умумтаълим мактабида таҳсил олган. Тақдир тақозоси билан улар Россия Федерациясида тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Сирдарёда катта ва улуғвор ишлар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш ниятида Гулистон шаҳрида биринчи бўлиб йирик савдо мажмуасини ишга туширдик. Келгусида бундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция киритишни режалаштирганмиз.

ХУМО-10.jpg

Ёш тадбиркор Гулистон шаҳрида амалга оширадиган навбатдаги лойиҳаси – 14 қаватли 4 юлдузли меҳмонхона қурилиш эканини таъкидлади.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

ХУМО-14.jpg

2 438
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ, (сурат), ЎзА