Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 13:38 Чоп этиш версияси

Сирдарёда 32 оилага мўлжалланган 2 қаватли иккита уй фойдаланишга топширилди

Сирдарёда 32 оилага мўлжалланган 2 қаватли иккита уй фойдаланишга топширилди Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани Деҳқонобод шаҳарчасидаги Намуна маҳалласида 32 оилага мўлжалланган 2 қаватли иккита уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда фуқаролар билан мулоқот қилишнинг самарали ва замонавий механизми йўлга қўйилгани одамларнинг ўй-фикрлари, қувончу ташвишларини ўрганиш, ҳаётий талаб ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

"Ибрат" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшаётган II гуруҳ ногирони Жамолиддин Холжигитов оила аъзоларининг қувончи чексиз. Уларнинг бир неча йиллик орзуси амалга ошиб, уч хонали квартирага кўчиб ўтди.

– 9 жон каталакдек уйда қийналиб қолган эдик, – дейди Жамолиддиннинг онаси Асалгул момо Бердибоева. – Худога шукур, мана бугун янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган 2 қаватли уйдан 3 хонали квартиранинг калити Президентимизнинг байрам совғаси сифатида тантанали равишда ўғлим Жамолиддинга топширилди. Уйнинг бошланғич бадали давлатимиз раҳбари томонидан тўлаб берилибди. Шу ёшга чиқиб, худо берса – қўш қўллаб беради, дейишларини ҳеч тушунмасдим. Бугун ўзим шунга гувоҳман. Яқинда тикув машинаси, материал, ҳатто тикиш учун ип ҳам бериб кетишганди. Ўзим ҳам, келинларим ҳам ишли бўлдик. Теримчилар фартуги тикаяпмиз. Тайёрини чекланмаган миқдорда тумандаги пахтасаноат корхонаси сотиб олмоқда. Биз сингари қўли калта, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилиб, икки-уч ҳисса ортиқ ишлашга ҳаракат қилаяпмиз.

Туманнинг “Боёвут“ сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида яшовчи II гуруҳ ногирони Ботир Умаровлар оиласига ҳам Президентимиз совғаси – янги уйнинг калити топширилди.

– Турмуш ўртоғим, 2 ўғлим ва келинларим билан битта квартирада ижарада яшардик, – дейди Роҳила Умарова. – Давлатимиз ғамхўрлиги туфайли бугун ўз уйимизга эга бўлиб ўтирибмиз. Кутилмаган бахт деганлари шу бўлса керак. Худди осмондан тушгандек уйли бўлсак-а?! Ишонгинг келмайди. Лекин уйнинг калити қўлимда турибди, мана. Эҳтиёжманд оилалар оғирини енгил қилаётган, уй билан, иш билан таъминлаётган Президентимиздан жуда миннатдормиз. Бу уй энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамига давлатимиз раҳбарининг унутилмас совғаси бўлди.

Вилоятда йил охирига қадар яна 6 шундай уй фойдаланишга топширилади. Шаҳар ва туманлардаги бўш турган бинолар қайта таъмирдан чиқарилиб, 2017-2018 йилларда уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши ҳам назарда тутилган.

– Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ташкил этилди, – дейди шу ҳудудга бириктирилган сектор раҳбари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ўрмонов. – Секторлар раҳбар ва аъзоларига уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни янада ободонлаштириш, намунавий маҳалла, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича аниқ мақсадли тадбирларни амалга ошириш биринчи вазифа қилиб белгилаб берилган. Гуруҳимиз томонидан ўзимизга бириктирилган ҳудуддаги хонадонлар, корхона-ташкилот, муассаса ва маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ўрганилиб, мавжуд муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилмоқда. Вилоят, республика миқёсида бартараф этилиши лозим бўлган ижтимоий муаммолар харитаси тузилиб, ҳаракатлар дастурига киритилаётир. Бугун фойдаланишга топширилган уй-жойлар ҳам комиссия тавсияси билан ногиронлар ва уй-жойга эҳтиёжманд оилаларга топширилди. Бу оилалар бундан буён ҳам доимий эътиборимизда бўлади.

Шу куни Гулистон шаҳридаги “Наврўз” тўйхонасида 31 нафар ногирон ва эҳтиёжманд фуқарога арзонлаштирилган янги уйларнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўлангани тўғрисидаги сертификатлар топширилди. 34 фуқарога ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар берилди.

Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирга санъаткорларнинг Ватан, мустақиллик, меҳр-саховат, севги ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлари ўзгача завқ бағишлади.

Тадбирларда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
2 362






Все о погоде - Pogoda.uz