ЎзА Ўзбек

08.09.2019 Чоп этиш версияси

Пахта теримини ташкил этишда Сирдарё намунаси яратилди

Пахта теримини ташкил этишда Сирдарё намунаси яратилди

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “3-Боёвут” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида 2019 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш ва теримда иштирок этадиган ҳашарчилар, ихтиёрий равишда жалб этилаётган иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга бағишлаб кўргазмали ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда вазирлик, вилоят, туман ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси, туман бандлик марказлари, мутасадди ташкилотлар ва фермер хўжаликларининг раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда мамлакат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Камилжон Сабиров ва бошқалар жорий йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш, пахта терими мавсумида ишларни самарали ташкил этиш, ихтиёрий ёлланган теримчилар учун барча зарурий шарт-шароитларни яратиш, мавсум давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масалаларига алоҳида тўхталди.

photo_2019-09-08_18-09-13.jpg

Семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 августдаги фармойишига мувофиқ ташкил этилган экспериментал намунадаги “Дала марказлари” яъни “Ҳашарчилар шаҳарчалари”даги шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, йўл қўйилган камчиликлар жуда қисқа фурсатларда бартараф этилиши белгилаб берилди.

Ўрганишлар давомида “Ҳашарчилар шаҳарчалари”да яшаш учун санитария-гигиена ва маиший шароитларга эга икки ярусли ётоқ ўринлари, кўрпа-тўшак, чойшаб, иситиш, вентиляция тизими, ошхона жиҳозлари, ювиниш жойи ташкил этилганига гувоҳ бўлдик.

“Дала марказлари” малакали тиббий ходимлар, тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш учун тиббий инвентар ҳамда дори-дармонлар, препаратлар билан таъминланган. Ушбу “Ҳашарчилар шаҳарчалари”да пахта йиғим-терими қатнашчилар учун 3 маҳал иссиқ овқат таъминоти, шу жумладан, пахта даласига тушликни олиб бориб бериш тизими яратилган.

Пахта хом ашёсини йиғиб-териб олишда иштирок этаётган фуқаролар маданий ҳордиқ чиқариши учун маданий-оммавий тадбирлар, концерт дастурлари намойиш этиш режаси ҳамда мавсум давомида таниқли маданият ва санъат намоёндалари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказиш юзасидан жадвал ишлаб чиқилган.

photo_2019-09-08_18-09-28.jpg

“Ҳашарчилар шаҳарчалари”даги кутубхоналар жаҳон ва ўзбек классик дурдоналари асарлари, турли бадиий адабиётлар билан таъминланган.

Йиғим-терим иштирокчилари бўш вақтларида машғул бўлишлари учун шахмат, шашка, стол тенниси ва бошқа спорт турли билан шуғулланишлари учун спорт жиҳозлари билан таъминланган.

Ҳашарчиларнинг кундалик эҳтиёжлари учун зарур саноат, маиший, маданий ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун кундалик кўчма дўконлар ташкил этилади. “Ҳашарчилар шаҳарчалари”нинг ўзида иссиқ нон пиширишга ихтисослаштирилган кичик цехлар ҳамда стационар мобил алоқа билан жиҳозланган ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган.

– Ҳашарчиларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида банк-молия хизматлари, ҳисобчи-кассирлар, теримда иштирок этаётганларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоат тартибини сақлаш, қўриқлаш гуруҳлари шакллантирилади, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мурод Муҳаммадиев. – Бандлиги таъминланмаган ва вақтинча ишсиз фуқаролар ҳамда бошқа вилоятлардан келган теримчилар яхшигина моддий манфаатдор бўлишлари, хусусий бандлик агентликлари томонидан дала марказларига теримчилар жалб қилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш жамғармаси томонидан субсидиялар берилиши назарда тутилган.

Шу сабабли семинар иштирокчиларига вилоятида ташкил этилган ушбу “Дала марказлари”га аҳолини ихтиёрий жалб этиш учун тарғибот ташвиқот ишларини амалга ошириш, мажбурий меҳнатга йўл қўймасдан пахта хом ашёсини қисқа фурсатларда ва сифатли йиғиб-териб олиш лозимлиги таъкидлади.

Ўқув семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

7 180
А.ҚАЮМОВ, ЎзА