Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 18:01 Чоп этиш версияси

Сирдарё вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 24 километр масофага сув қувурлари тортилди.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ичимлик суви таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, қишлоқ жойларда сув таъминоти яхшиланаётир. Боёвут, Мирзаобод, Гулистон, Сайхунобод туманларидаги бир қатор маҳаллалар аҳолиси ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди.

Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган "Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманлари марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш" лойиҳасига асосан 155 қишлоқнинг 343 минг аҳолиси ичимлик суви билан таъминланади. Ичимлик суви қувурларининг умумий узунлиги 1 минг 164 километрни ташкил этади.

– Асосий мақсад аҳолини тоза ичимлик суви билан тўла таъминлашдир, – дейди Сирдарё вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари Ю.Жалолов. – Бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда Ховос, Оқолтин, Мирзаобод, Сар­доба туманларида қувур­ларни ётқизиш ишлари давом этаётир.

2018 йил Инвестиция дастури асосида вилоятнинг яна 52 аҳоли пунктида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, 4 сув иншооти таъмирланиши учун 19 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 39 янги тик қудуқ қурилиб, 3 шундай қудуқ таъмирланади, 57 сув насоси, 4 трансформатор ҳамда 43 сув минораси ўрнатилади. Қарийб 120 километрлик сув қувурлари ётқизилади. Бу 93 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 615






Все о погоде - Pogoda.uz