Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.06.2018 19:28 Чоп этиш версияси

Сирдарё вилояти ғаллазорида иш қизғин

Сирдарё вилояти ғаллазорида иш қизғин Сирдарё вилоятида 86 минг 500 гектар майдонда ғалла етиштирилиб, давлатга 191 минг 840 тонна дон сотиш режалаштирилган.

Ана шу эзгу мақсад йўлида вилоят миришкорлари фидокорона меҳнат қилмоқда. Айни пайтга қадар мавжуд ғалла майдонининг 35 фоиздан зиёди ўрилиб, 110 минг тоннадан ортиқ дон йиғиб олинди.

– Жорий ғалла ўрим-йиғим мавсумида вилоят бўйича 325 замонавий комбайн, 1448 юк автомашинаси, 93 кўчма техник таъмирлаш бригадаси 325 отрядга бирлашган ҳолда ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги масалалари котибияти мудири И.Раҳмонов. – Вилоятнинг Ховос, Сайхунобод, Сардоба, Оқолтин туманларида ғалла ўрим-йиғими уюшқоқлик билан ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

g'alla

Ўрим-йиғимда иштирок этаётган ишчи-хизматчилар уч маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-бош билан таъминланган.

Вилоятда илғорлар сафида бораётган Сайхунобод туманида 12 минг 500 гектар ғалла майдони бўлиб, миришкорлар 28 минг 700 тонналик хирмон йиғиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Айни пайтда ғалла майдонларида 40 отрядга бириктирилган 48 замонавий комбайн, 170 юк автомашинаси, 40 ҳайдов трактори ишлатилмоқда.

– Барча хизматлар дала бошида ташкил этилгани иш унуми юқори бўлишини таъминлаётир, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Раҳмонбердиев. – Шу кунгача 6 минг гектар майдондаги ғалла ўрилиб, омборларга 18 минг 125 тонна сара дон етказиб берилди.

Тумандаги “Янгиобод” сув истеъмолчилари уюшмаси миришкорлари ҳар гектар майдондан 42,1 центнердан ҳосил кўтарди. Вилоятда биринчи бўлиб давлатга ғалла сотиш режасини 104 фоизга ортиғи билан бажарган янгиободликлар режадаги 5 минг 100 тонна ўрнига 5 минг 307 тонна дон сотди. Бунда “Чучук сув бўйи", “Абдураҳим“, “Бешбулоқлик Умиджон“ фермер хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлди.

– Бу йилги об-ҳаво деҳқончилик учун осон келмади, – дейди “Чучук сув бўйи“ фермер хўжалиги раҳбари А.Примов. – Лекин белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилса, деҳқоннинг хирмони ҳамиша юксак бўлади. Биз ҳам ўз вақтида ғаллага ўғит бериб, шарбат усулида суғордик. Ҳар бир агротехник тадбирни маромида ва ўз вақтида бажардик. Ҳосил кўнгилдагидек бўлди. Ғалладан бўшаган майдонни пешма-пеш ҳайдаб, 25 гектарига шоли экдик. Қолган қисмига дуккакли дон экишни режалаштирганмиз. Бу эса қўшимча даромад дегани.

Дарвоқе, вилоятдаги ғаллачиликка ихтисослашган 3 минг 961 фермер хўжалигининг 1000 дан ортиғи давлатга ғалла сотиш режасини ортиғи билан бажарди. Уларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
4 174