ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Сирдарё Амударёга қуйилганми?

Сирдарё Амударёга қуйилганми?

Сарлавҳага чиқарилган бу савол баъзилар учун мантиқсиздек туюлиши мумкин. Ажабланишга ҳожат йўқ. Чунки бу — тарихий факт! Фақат ўтмишдаги ана шу маълумотлардан кўпчилигимиз бехабармиз, холос. Ёки аждодларимиздан Жавҳарийнинг дунёда илк бор қанот ясаб учганлигини ҳамма ҳам эшитганми? Ўйлашимча, йўқ!

Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи ҳақида сўз кетгандаям, аксарият ҳолларда шундай вазиятга тушиб қоламиз. Негаки, яқин-яқингача бу борадаги манбалар чуқур ўрганилмаган эди. Баҳсли ҳолатлар, чалкашликлар сероб эди.

Хўш, аслида ўзбек халқининг, миллатимизнинг пайдо бўлиш тарихи қандай? Миллий давлатчилигимиз-чи? Қачон ва қайси ҳудудларда вужудга келган? Уларга кимлар ва қачон асос солган? Ўзи, умуман, биз ўзбеклар қандай халқмиз?

Юқорида келтирилган қизиқарли фактлар ва ана шу саволлар жавобини таниқли адиб, драматург, публицист Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг“ Биз ким, ўзбеклар” китобидан топасиз.

Албатта, тарихни гавдалантириш — ниҳоятда мураккаб ва машаққатли иш. Бунда, энг аввало, бир улуғ мезон устувор. Яъни ҳаққоний талқин!

“Биз ким, ўзбеклар” китоби ана шу жиҳати билан ҳам қадрли. У муаллифнинг 40 йиллик изланишлари маҳсули. Асарда халқимизнинг энг ибтидоий қадамларидан то мустақиллик йилларидаги янги тарихимизгача қамраб олинган.

Ўтмиш ҳақида факт ва маълумотлар, хронологиялар жамланган солномалар аслида кенг омма томонидан мароқ билан ўқилмаслиги маълум. Бу китоб эса мутлақо бошқача. У илм билан қониқтириб суғорилган бадиий-тарихий асарлар сирасига киради. Шу боис, яқинда ушбу китоб “Шарқ” матбаа-ациядорлик компанияси томонидан тўртинчи бор нашр қилиниб, ҳурматли китобхонларимизга тақдим этилди.

Тарихни сохталаштириш — чиркин сиёсат. Совет мафкураси айни шундай хато йўлдан борди. Оқибатда ўзлигимиздан бирмунча узоқлашдик. Китобда муаллиф давлатнинг келиб чиқиши, давлатнинг мазмун-моҳияти ҳақида собиқ тузум даврида берилган тушунчаларнинг сохта ва асоссиз эканлигини тушунтириб бера олган.

Қисқа қилиб айтсак, “Биз ким, ўзбеклар” ўзбек халқи тўғрисидаги илмий-оммабоп, бадиий-сиёсий асардир. Уни ўқиб, ўзлигимизни янада теранроқ англашимиз, шубҳасиз.

1 606
Фаррух Бўтаев ЎзА