ЎзА Ўзбек

17.09.2018 13:23 Чоп этиш версияси

Синовли кунлар ортда қолди

Синовли кунлар ортда қолди

Эзгуликнинг баҳоси бўлмайди. Ҳақ гап. Эзгулик ортидан келадиган қувонч ва сурурни туйиш эса улкан бахт.

Сўнгги вақтларда имконияти чекланган, ижтимоий аҳволи оғир, кўп болали, битта хонадонда яшаб келган бир нечта оилаларнинг аҳволи ўрганилиб, улар учун қулай шарт-шароит, имкониятлар яратиш, уй-жой билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзлари бугун кундалик ҳаётимиз, фаолиятимиз, ҳар бир ишда дастуриламал бўлаётир.

– Жисмоний имкониятим чеклангани боис, уй қуриш, ўзимга бошпана қилиш қўлимдан келмай кўнглим ўксирди, – дейди Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Бегберган Жумабоев. – Қувончим чексиз. Энди мен ҳам бошқалардек ўз уйимга эга бўлдим. Янги уйга кўчиб кириб, танамга куч кирди. Давлатимиз томонидан биз каби инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар сабаб, шу юрт фарзанди эканимдан фахр-ифтихор туяман.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борадаги ишларни тизимлаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.

Бу каби хайрли ташаббусларда тинч ва фаровон ҳаётимиз шукронаси, бағрикенглик, саховатпешалик, меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатиш сингари инсоний фазилатлар намоён бўлмоқда.

– Меҳрибонлик уйида улғайганман, – дейди Николай Бирюков. – Чексиз меҳр, эътибор кўриб улғайишингиз мумкин. Қорнингиз тўқ, устингиз бут бўлиши мумкин. Аммо кўнгилнинг бир четида кемтик бордек бўлади. Давлатимиз томонидан берилаётган эътиборнинг эса чеки йўқ. Доим ўйлайман, бу каби эътибор ва эъзозга, имконият, шарт-шароитларга, энг муҳими, билдирилаётган ишончга муносиб бўла оламанми? Шу юрт корига ярайдиган инсон бўлиб, унинг тараққиёти учун хизмат қилишим кераклигини англаганим ҳолда, фарзандлик бурчимни оқлай оламанми? Шунинг учун бор кучим билан меҳнат қиламан.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ҳам айни йўналишдаги ишларни тизимлаштиришда дастуриламал бўлаётир.

Мазкур фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди.

Ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар, хотин-қизлар бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.

– Оилали бўлгач, иқтисодий қийинчиликлар кетма-кет келаверди, – дейди Мақсуда Ҳакимова. – Эр-хотин ишлаймиз. Аммо, “кўрпани бошга тортсак оёқ, оёқни ёпсак бош очилиб қолаяпти”, деганидек, ҳеч етказа олмадик. Фарзандларимиз туғилгач, бу яққол сезила бошлади. Уй-жойимиз йўқ, ижарада яшашнинг ўзи бўлмасди. Бу каби иқтисодий етишмовчиликлар сабаб ўз шахсий уй-жойни фақат орзу қилиб бу дунёдан ўтиб кетарканмиз, деган вақтларимиз ҳам бўлган. Ташвишимиз фақат кун кўриш, яшаб қолишдек эди, гўё. Шукрки, мурожаатларимиз бесамар кетмади. 15 йил деганда Сергели туманида қурилаётган янги уй-жойлардан бизга икки хонали хонадон ажратишди. Яқинда кўчиб ўтдик. “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, деганларича бор экан.

Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, айни эзгу ишлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

– Энг улуғ, энг азиз айём арафасида ўз уйимга эга бўлган эдим, – дейди навоийлик Беҳзод Раҳимов. – Севинчимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўз уйим бўлишини қанчалар истаганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Уйсизлик нималигини бошидан кечирганлар яхши тушунади. Шукр, орзуим ушалди. Давлатимизнинг ўз фуқароларига ғамхўрлигини қаранг


ки, энди ўз уйимга эга бўлиб турибман. Кўнгли ўксикларни қўллаётган давлатимиздан, ҳукуматимиздан миннатдорман.

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи Шоира Хўжаеванинг турмуш ўртоғи билмай жиноят йўлига кириб қолгач, жиноий жавобгарликка тортилди. Вояга етмаган учта фарзанди билан икки йил давомида цехнинг иккинчи қаватида яшаб юрган аёл кўплаб ташкилотларга мурожаат қилиб кўрди. Аммо ижобий натижа бўлмади. Оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилгач, унга тумандаги “Нурафшон“ маҳалла фуқаролар йиғини биносининг фойдаланилмай турган иккита хонаси вақтинчалик яшаб туриш учун берилди. Аммо бу ечим эмас. Шу боисдан ушбу оилани доимий уй-жой билан таъминлаш борасидаги амалий ишлар давом этади.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, замон талабларига тўла жавоб берадиган кўп қаватли уйлар бунёд этишдек эзгу ишлар давомида кам таъминланган оилаларга мўлжалланган арзон уй-жойлар қурилиши ҳам назардан четда қолаётгани йўқ.

Барно Мелиқулова, ЎзА
3 628