ЎзА Ўзбек

05.07.2018 18:18 Чоп этиш версияси

Синовдан муваффақиятли ўтганларнинг орзуси ушалади

Синовдан муваффақиятли ўтганларнинг орзуси ушалади
Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ҳужжат топширган абитуриентлар учун давлат тест синовлари бўлиб ўтди. 

Ҳарбий бўлишни истаган ёшлар орасида учувчиликни орзу қиладиган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бу йил шундай ёшлардан 284 нафари Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ҳужжат топшириб, тест синовларида иштирок этди. 

– Мақсад қанча юксак бўлса, унга эришиш йўлидаги синовлар ҳам шунча мураккаб бўлишини биламан, – дейди Самарқанд вилояти Нуробод туманидан келган абитуриент Ҳамидулла Жўраев. – Учувчи бўлиш менинг болалик орзуим. Нуробод энергетика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битиргач, ушбу билим юртига ҳужжат топширдим. Тиббий кўрикдан, жисмоний тайёргарлик бўйича синовдан муваффақиятли ўтиб, тест синовларига етиб келдим. Рақобат катта эканини кўриб турибман. Лекин ўзимга, билимимга ишонаман. Бунинг учун имтиҳонларга қаттиқ тайёргарлик кўрдим. Тест саволларининг деярли барчасини тўғри ечганимга ҳам ишончим комил. 

Синов жараёнида Ҳамидулла сингари ўз билимига ишонган ёшлар кўплиги кишини қувонтиради. Абитуриентлар таркибида ҳарбий йўналишдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежини битирган, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб ўқишга кириш учун имтиёзли йўлланма олган ёшлар талайгина экани кириш балларининг юқори бўлишидан дарак беради. Демак, ҳарбий авиация мутахассиси бўлиб етишиш энг муносибларга насиб этади.

Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
5 860