Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

16.05.2019 17:31 Чоп этиш версияси

Синов ва сертификатлаштириш марказига медиатур ташкил этилди

Синов ва сертификатлаштириш марказига медиатур ташкил этилди

Қорақалпоғистон синов ва сертификатлаштириш маркази сертификатлаштириш, метрология, сифат тизимларини жорий этиш бўлимлари ва синов лабораториялари янги ускуналар билан таъминланди.

Шу муносабат билан марказ фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиатур ташкил қилинди.

– Марказимиз 1 миллиард 40 миллион сўмлик замонавий, жумладан, экспорт қилинаётган қизилмия илдизи ва асал таркибидаги сахароза, фруктоза, глюкоза ва қизилмия кукунидаги глицизирин кислотасини, шунингдек, аччиқ қалампир таркибидаги аччиқлик даражасини аниқлайдиган юқори сифатли суюқ хроматограф ускунаси билан жиҳозланди, – дейди марказ директори Чингиз Худайбергенов. – Марказ лабораториялари томонидан ҳудудимиздан экспорт қилинаётган маҳсулотларга берилган синов баённомалари халқаро аккредитациядан ўтказиладиган бўлди. Масалан, Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинаётган 14 турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари синовлари бўйича халқаро аккредитациядан ўтди.

Физик-кимёвий синовлар лабораторияси томонидан ҳудуддаги нон, макарон, гўшт, сут, пахта ёғи, қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, донни қайта ишлаш корхоналарига сертификацион инспекцион назорати ва даврий синовлари ўтказилади. 

12.jpg

Аҳоли ва корхона-ташкилотларга қулайлик яратиш мақсадида жойларга чиқилган ҳолда хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Қатор туманларда аҳоли хонадонларига ўрнатилган маиший газ, электр ва сув ўлчагичларини давлат қиёслов кўригидан ўтказишга қабул қилиш, қиёслашдан ўтказиб сертификатлаштирадиган шохобчалар ташкил қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотлар ичидан 1 минг 928 та ишлаб чиқариш субъекти танланган ва уларда халқаро стандартлар босқичма-босқич жорий этиб келинмоқда.
Тадбир давомида марказ мутахассислари томонидан ОАВ ходимларига соҳага оид янгиликлар бўйича батафсил маълумот берилди. Полимер маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «Nukus Polimer» ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Pana Milk» корхонасига саёҳат уюштирилди.

Е.ҚАНОАТОВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА