ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Синов даври тадбиркорлар учун яна бир имконият

Синов даври тадбиркорлар учун яна бир имконият
Эл бошига иш тушганда 

Бугунги карантин шароити мамлакатимиз тадбиркорларига ҳам катта масъулият юкламоқда. Чунки бу даврда улар халқни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда ўз фаолиятини давом эттириб, янги лойиҳаларни амалга оширишга ҳам қўл урмоқда.

Бундай хайрли ишларда Тошкент вилояти Янгийўл тумани тадбиркорлари ҳам фаол қатнашиб, аҳолига ҳар томонлама кўмак бераётир.

ЎзА мухбирига Янгийўл тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Райҳон Холмуротова бу ҳақда қуйидагича маълумот берди:

photo_2020-04-27_15-07-35.jpg

– Глобал муаммога айланиб улгурган коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишдаги энг муҳим талаб – бу тозаликка риоя этиш ва мунтазам ниқоб тақиб юришдир, – деди Р.Холмуротова – Шунга асосан туман ҳокимлиги ташаббуси билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бир нечта тикув цехлари йўлга қўйилди. Карантин учун махсус кийим ва ниқобларни тикаётган мазкур “Янгийўл – 2020” масъулияти чекланган жамияти томонидан 60 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

“Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида туманнинг “Ниҳол” маҳалласидаги 16 гектар ер 84 нафар ёшга бириктириб берилди. Ишли бўлган ёшларга уруғ ва кўчатлар сотиб олиши учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 200 миллион сўм субсидия маблағи ажратилди. Муҳими, бу жараёнда илк бор қишлоқ хўжалигига кириб келаётган келажагимиз эгаларига малакали, асл мутахассис фермерлар бириктирилди.

Кам таъминланган оилалар ҳам тадбиркорларимиз саховатидан баҳраманд бўлмоқда. Масалан, 930 нафар маҳаллий тадбиркор томонидан жами 1211 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари етказиб берилди.

photo_2020-04-27_15-07-47.jpg

Камбағал оилаларни қисқартириш бўйича ҳам чоралар қўрилмоқда. Бунда 6 301 нафар фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Юртимизда карантин жорий этилган бўлса-да, туман экспортёрлари фаолияти тўхтатагани йўқ. Мисол учун, улар 2020 йил январь-апрель ойларида жами 19,7 миллион доллар (98,6 фоиз) маҳсулот экспорт қилди. Бунда 17,2 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот саноат, 2,5 миллион долларлик маҳсулот эса қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

Йирик шохли моллар ва бурдоқичиликка ихтисослашган “PROMEAT” МЧЖ фаолияти ҳақида ҳам алоҳида тўхтаталиб ўтиш лозим. Корхона томонидан шу йилнинг апрель ойида Украинадан 420 бош “Голштин” зотли сут берувчи сигир, Чехиядан 159 бош “Сементал” зотли қорамол келтирилди.

photo_2020-04-27_15-08-28.jpg

Корхона раҳбари У.Муталовнинг таклифига кўра, ишсиз, уйда ўтирган аҳоли учун уй шароитида боқиш учун сунъий уруғлантирилган (қочирилган) сигирлар бериш режалаштирилди. Ушбу сигирлардан олинган бузоқ урғочи бўлса, хонадон эгасига ҳадя тариқасида берилади. Агар бузоқ эркак бўлса, тадбиркор томонидан келишилган нархда сотиб олинади.

Мамлакатимизда "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати бошланиши эса халқимизнинг қадим анъаналари бардавом эканидан далолат бермоқда. Шу маънода айтиш керакки, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган, кўп болали оилалар Янгийўл тумани ҳокимлигининг доимий эътиборида.

Яқинда ҳокимлик томонидан Саид ота маҳалласида ижарада яшовчи, икки фарзанднинг ёлғиз боқувчиси Р.Аҳмедовага озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга ижтимоий уйнинг калити ва сертификати топширилиши, А.Чўтбаевага озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва уй-жойларини таъмирлаш учун бир юк машина ғишт берилишини ана шундай азалий удумларимизга содиқликнинг яққол намунаси дейиш мумкин.

ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.

1 615
ЎзА