ЎзА Ўзбек

20.12.2019 Чоп этиш версияси

“Шундай ҳақиқатлар борки… уларга ишонч уйғотишнинг ўзи камлик қилади...”

“Шундай ҳақиқатлар борки… уларга ишонч уйғотишнинг ўзи камлик қилади...”

Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. 
Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага 
айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. 
Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани 
учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Мустақил тараққиёт йўлимизни белгилаб берган Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллиги кўп миллатли халқимиз томонидан кенг нишонланди. 

Мазкур санага бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқлигини яна бир карра таъкидлади. 

Маърузада судларнинг чинакам мустақиллигига эришиш ҳақидаги фикрларини ўқиб, бундан анча йиллар муқаддам Германия Федератив Республикасига парламент делегацияси таркибидаги ташрифимиз давомида Берлин шаҳар суди судьясининг айтган гаплари ёдимга тушди.

Учрашувда Германияда фаолият юритаётган судлар мустақиллиги қандай таъминлангани ҳақида сўрадим. Шунда Берлин шаҳар суди судьяси бир воқеани гапириб берди:

– Берлин шаҳар судига ёш судья ишга келади, унга бир жиноят ишини кўриб чиқиш топширилади. Суд раиси ёш ҳамкасбимиз чиқарган ҳукм билан танишиб, таҳририй тузатишлар киритади. Такроран айтаман, асосий мазмунга таъсир қилмайдиган фақат таҳририй тузатишлар. Шундан кейин ёш судья юқори турувчи инстанцияга “менинг фаолиятимга аралашди” деган маънода шикоят қилади. Охири нима бўлди, биласизми? Ўн беш-йигирма йил ишлаган судья ишдан кетади...

Албатта, бу воқеа қайсидир маънода ачинарли. Лекин Президентимизнинг “...суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим” деган гапига ибрат қилиб олса бўлади. Токи бундан мансабдор шахслар ўзлари учун хулоса чиқаришсин.

Адолатли жамият барпо этиш қонун устуворлигини таъминлашдан бошланар экан, демак, судлар мустақиллигига расманасига эришиш керакким, улар фаолиятига четдан бўладиган ҳар қандай аралашув жиноят деб баҳоланмоғи шарт. Жиноят бўлганда ҳам коррупция жинояти сифатида қаралмоғи зарур.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Респуб¬ликаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари тизимни янада демократлаштириш, фаолият самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга ишончини кучайтириш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш йўлида ташланган муҳим қадамлардан бўлди. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлашда муҳим роль ўйнади.

Номи қайд этилган биринчи фармонда муҳим масала, яъни судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) назарда тутилди. Бу билан судьянинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, қолаверса, касбига содиқ ва ҳалол ишлайдиган судьяларни рағбатлантириш механизми яратилди. Кейинги фармон эса судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этиш назарда тутилди.

Кўриб турганингиздек, соҳада ислоҳотлар босқичма-босқич, узвийлик асосида олиб борилмоқда. Давлат бошлиғи томонидан янада муҳим вазифалар кун тартибига қўйилмоқда. Маърузада таъкидланганидек, кейинги пайтда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд, прокуратура, ички ишлар идоралари фаолиятидаги камчиликларга тааллуқли бўлиб қолмоқда. Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун, энг аввало, “Конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданият ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахс¬нинг ҳаёт ва фаолият тарзига айланмоғи керак”.

Жиноят кодексида белгиланган туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш ёки ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш жинояти учун оддий фуқаро қандай жавобгарликка тортиладиган бўлса, мансабдор шахс, айтайлик, ҳоким ҳам шундай жавобгарликка тортилиши лозим. Президент уқтирганидек, унга ҳеч ким “адвокатлик” қилмасин. Оддий фуқаролар кўз ўнгида адолат топталмаслиги, жиноят учун жазо ҳамма учун муқаррар бўлмоғи керак.

Дарҳақиқат, буюк мутафаккир Шарл-Луи Монтескьё айтганидек, шундай ҳақиқатлар борки, уларга ишонч уйғотишнинг ўзи камлик қилади, уларни ҳис этишга шароит ва имкон яратмоқ керак.

Абдуманноб РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Конституциявий суди 
котибиятининг мудири, 
юридик фанлар номзоди

Манба: “XXI asr” газетаси

2 299
ЎзА