ЎзА Ўзбек

19.03.2020 Чоп этиш версияси

Шунчаки яхши инсон ёди

Шунчаки яхши инсон ёди
Хотира

Баҳор таровати бугунги синовли кунлар соясида қолиб кетгандек...

Тўзғин хаёлларни қалдирғочларнинг чуғури бузди. Уларни кузатиш роса завқли, ҳам мароқли. Тонгда қуёш нуридан, унинг заррин тафтидан жуда баландларга, кўз илғаши қийинроқ юксакларга парвоз қилади. Кун ботишидан аввал эса қув болалар каби бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаб, қийқиришиб, ўйинқароқлашиб, қанотларини пирпиратиб учади.

Аслида, табиат мафтункорлигини тасвирлашда сураткашларга етадигани йўқ. Фотограф зоти ғоят камгап, камсуқум, ўнта гапингизга битта эмас, яримта гап билан аранг жавоб қайтарадиган, ишнинг кўзини биладиган, касбидан бошқасини тан олмайдиган, маҳмадоналигу сафсатабозликдан йироқ бўлганлар тоифасидан. Нигоҳи ғоят зийрак ва синчков. Барининг феъли турфаю фазилати бир хил. Топгани ҳалолидан бўлсин, шунданми уларнинг йўқлагувчилари ҳам кўп. Моҳир фотоижодкор Алишер Рисқиев ҳам ана шундай инсонлардан эди. 

Ишга келганимга бир йиллар бўлган чамаси, ёшлар фестивали ҳақида материал тайёрлаш топшириғини олдим. Улкан стадион ёшлар билан лиқ тўла. Ана-мана дегунча тадбир бошланадию фотомухбирдан дарак йўқ. Бир пайт Алишер ака пайдо бўлди. Бироз фурсат техникасини ялт-юлт қилган бўлди-да, кейин бир йўла расмчининг ўзиям кўринмай қолди. Ўзимча жиғибийрон бўламан. "Оббо, нега фестиваль якунигача қолмади. Фотоаппарат бузилдимикан? Расмсиз материалнинг кимга кераги бор? Ахир репортаж дегани фотосурат билан тирик-ку. Фоточи бордими, деса нима деб айтаман?"... 

Ишга бориб, тадбир тафсилотини ёритган бўлдим. Не кўз билан кўрайки, моҳир фотоижодкор қисқа фурсат давомида ўзига керакли ва айни дамда фестивалнинг бор моҳиятини очиб берувчи ғоят чиройли кадрлар, таъсирчан лавҳаларни "йиғиб" улгурган экан.

...Мана бўйнига медаллар шодаси сиғмаётган, юраги ҳаяжонга, кўзи қувонч ёшига тўлган чемпионлар, буниси китоб-дафтарини маҳкам қучганича хаёллар домидаги талаба-қиз, чарх уриб рақс тушаётган раққосалар, томоғи йиртилгудек бўлиб куйлаётган ёш хонандалар, концертни олқишлаётган томошабинлар... Эҳ-ҳе, қанча ажойиб фотосуратлар! 

Алишер аканинг бокс бўйича етти карра Ўзбекистон чемпиони бўлганидан энди хабар топдим. Эшитганим, у киши моҳир боксчи Руфат Рисқиевнинг жон жигари эди. Яна билганим, Алишер ака қўлидан келганича бошқаларга ёрдам кўрсатарди. Кимларгадир фарзандини спорт тўгарагига жойлаштиришга, бошқанинг ўғли учун тузукроқ спорт мураббийсини топишга кўмаклашганини, кимнингдир яхши кунларини тасвирга муҳрлашда қўллаб юборганини ҳамкасблардан эшитгандим. Қўлидан келмаганида эса жилла қуриса, бировларга халақит бермас, оёғидан чалмасди. У шунчаки яхши инсон эди! 

Бугун ҳам ташкилотимизда иқтидорли фотомухбирлар нозик санъатнинг энг яхши мактаб ва тамойилларига таянган ҳолда ижодни давом эттирмоқда. Уларнинг ёзувда ифодалашга ожиз бўлган жиҳатларни фотосуратда тасвирлаши кўпчиликни мудом ҳайратлантиради, завқ улашади, ҳавасини тортади. Демак, моҳир фотомусаввирнинг ижодий анъаналари доим барҳаёт. 

3 010
Назокат Усмонова, ЎзА​