Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 20:47 Чоп этиш версияси

Шукроналикка ундовчи спектакль

Шукроналикка ундовчи спектакль Ўзбек Миллий академик драма театрида Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг навбатдаги 44-ижодий мавсумининг очилиши ҳамда мазкур жамоанинг "Момо ер" спектакли премьераси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси Ё.Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артисти Р.Иброҳимова, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри директори Р.Ражабов мамлакатимизда миллий театр санъати равнақи йўлида кўрсатилаётган доимий эътибор соҳа ижодкорларини янада кўпроқ изланишга ундаётганини таъкидлади.

2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ театрлар биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича тегишли амалий чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Унга кўра, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ҳам капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шундай бўлса-да, театр жамоаси ижодий изланишдан сира тўхтамаяпти. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳарларда театр ўз репертуаридаги энг сара саҳна асарларини томошабинлар эътиборига ҳавола этмоқда.

Атоқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб саҳналаштирилган "Момо ер" спектаклини шундай ижодий изланишлар самараси дейиш мумкин.

...Қоронғу саҳна. Одмигина театр декорациялари оддий хонадон соҳибларининг ҳаётидан сўзлайди. Спектакль асарнинг бош қаҳрамони Тўлғанойнинг ер билан рамзий, айни чоғда самимий, инсоний суҳбатидан бошланади. Иккинчи жаҳон уруши туфайли яқинларидан жудо бўлган Тўлғаной ҳамда унинг келини Алиманнинг бошига тушган кулфату азоблар ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. Инсон сабр-бардоши, матонати, қатъияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу спектакль тинч ва осойишта, фаровон ва саодатли кунларимизнинг қадрига етишга, бир-биримизни, яқинларимизни авайлашга, мудом шукроналик туйғуси билан яшашга чорлаши билан аҳамиятлидир.

Режиссёр Нигора Ғойибназарова саҳналаштирган ушбу спектаклда асосий ролларни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг Мавлуда Маматиллаохунова, Иброҳим Қосимов, Беҳзод Мирсаитов, Ғайрат Бозоров, Ҳусан Мусурмонқулов, Дилором Мирсолиева сингари актёрлари ижро этмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА